Фарғона вилояти. Саволларга тўлиқ жавоб берилди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан 2017 йилга мўлжалланган асосий фаолият йўналишлари режасига асосан ҳудуддаги таълим муассасаларида турли мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкилланмоқда. Тумандаги Иқтисодиёт ҳамда Транспорт ва қурилиш касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Мен ёш истеъмолчиман” мавзусида ташкилланган ўқув семинарлари ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин.

Тадбирлар давомида унинг иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш борасида Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича ахборотлар бериш баробарида, ўқувчи ёшларнинг истеъмолчилик ҳуқуқи юзасидан билим ва малакаларини янада оширишга эътибор қаратилди. Тадбир иштирокчисининг бирорта саволи эътибордан четда қолдирилмади, ҳар бир саволга атрофлича, ҳаётий мисоллар воситасида жавоблар қайтарилди.

Ҳар икки тадбир доирасида ёшларга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси муассислигида чоп этилаётган “Истеъмол маданияти” газетасининг тарғиботи ҳам ўтказилди.