Фарғона вилояти. Табиий газ таъминоти масалалари

Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига жорий йил давомида газ таъминоти масалаларида фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Барча мурожаатлар амалдаги қонунлар ва тартиб қоидаларга асосан ўрганиб чиқилиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаб берилишига эришилмоқда.

Жумладан, Олтиариқ тумани, Тинчлик кўчасида яшовчи фуқаро Р.Юлчиева туман жамиятига мурожаат қилиб, унинг хонадонига фойдаланилган табиий газ учун ортиқча 999 610 сўм қарздорлик ҳисобланаётганлигидан норозилигини  билдирди.

Мурожаатни жойида ўрганиш учун борилганда хонадонда G 1.6 русумли газ ҳисоблаш ускунаси (ГҲУ) ўрнатилганлиги, ГҲУ 3419705 рақамли бир марталик муҳр билан муҳрланганлиги, ўрганиш кунида муҳр жойидалиги, ГҲУ ўрганиш кунига 02893 м3 кўрсаткичгача ишлаганлиги қайд этилди. Туман газ идораси томонидан фуқаронинг хонадонига  01.05.2017 йил куни 999 610 сўм қарздорлик мавжудлиги тўғрисида юборилган огоҳлантириш хати корхона раҳбари ёки ҳуқуқшуноснинг имзоси билан тасдиқланмаганлиги ҳам кузатилди. Олиб борилган ўрганишлар истеъмолчининг ҳақиқий қарздорлиги 83 192  сўмлигини кўрсатди.

Худди шу каби мурожаатлардан яна бири Тинчлик шаҳарчаси, Наврўз кўчасида истиқомат қилувчи А.Тохировдан келиб тушди. Фуқаронинг хонадонига мурожаатни ўрганиш учун ташриф буюрилганда, Украинада ишлаб чиқарилган G-10 маркали ГҲУ ўрнатилганлиги, давлат муҳри ва хизмат кўрсатувчи корхона томонидан қўйилган муҳрлар жойидалиги қайд этилди. Хонадонда табиий газ истеъмоли учун 2 та ПГ4, 4 та ИП газ мосламалари мавжудлиги, ўрганиш кунида ГҲУ кўрсаткичи 63210 м3 лиги кузатилди. Истеъмолчи томонидан тўланган тўлов қоғозлари ва филиал компьютер базаси кўрсаткичларини солиштириш натижларига кўра, истеъмолчининг 1208 м3 табиий газ ҳажмига ҳақдорлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Оқбўйра МФЙ Қаҳрамон кўчасида яшовчи фуқаро С.Пўлатовнинг хонадонида фойдаланилган табиий газ тўловларидан 596 761 сўм қарздорлик ҳисобланганлигидан норозилигини билдириб қилган мурожаати юзасидан ўтказилган ўрганишлар истеъмолчининг ҳақиқий қарздорлиги 13 500 сўмлигини кўрсатди.

Лекин шунинг билан биргаликда, келиб тушаётган мурожаатларда қайд этилган важлар тасдиғини топмасдан, истеъмолчининг қарздорлиги ҳақиқатан мавжуд бўлган ҳолатлар ҳам қайд этилмоқда. Жумладан, Тинчлик шаҳарчасида яшовчи М.Охунова томонидан туман жамиятига газ идораси томонидан хонадонида фойдаланган табиий газ учун ортиқча қарздорлик ҳисоблаганлигидан норозилигини билдириб берган мурожаатини ўрганиш ишлари давомида истеъмолчининг ҳақиқатда 200 000 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди. Ўрганиш натижаларига кўра, фуқарога юзага келган қарздорликни қонуний тартибда бартараф этиш тушунтирилди.