Фарғона вилояти. Фуқаролар мурожаати доимо эътиборда

Бағдод тумани, Чўринди қишлоғида яшовчи фуқаро Э.Хожимуродов туман жамиятига туман марказидаги бозордан сотиб олган телевизор антеннаси ҳамда тюнер қурилмасида носозлик аниқланганлиги, сотувчига ушбу маҳсулоти носоз эканлиги ва уни алмаштириб беришини сўраганида рад жавобини олганлигидан норози бўлиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат бўйича жойига чиқиб жамият ходимлари ва бозор маъмурияти ходимлари билан ўрганилганда, истеъмолчининг эътирози ўринли эканлиги аниқланди.

Якка тартибдаги тадбиркор У.Жўраевга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-14–моддалари талаби тўлиқ тушунтирилди ҳамда фуқаронинг носоз маҳсулотини янги, яроқли антенна ва тюнер қурилмасига алмаштириб берилди.

Шунингдек, Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тумандаги Қўшчинор МФЙга қарашли Говхона қишлоғида яшовчи фуқаро Д.Эргашева туман бозоридан сотиб олган қопқоқли шиша банка ёпқични уйига олиб бориб ишлатиб кўрганида унда нуқсонлар бўлиб, банка қопқоғини зичлаб ёпмасдан, қирқиб юбораётганлиги учун қайтариб сотувчига олиб келган, бироқ сотувчи қайтариб олмаслиги, ҳатто пулини ҳам қайтиб беришдан бош тортганлигини ҳақида мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат юзасидан жамият ходимлари ва бозор маъмурияти ходимлари томонидан ҳолат ўрганилганида ҳақиқатдан ҳам мазкур мослама эски, ҳатто занг тортиб кетганлиги аниқланди. Сотувчи А.Мирсаидовага Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-14–моддалари талаби тўлиқ тушунтирилди, ҳамда келгусида харидорларга қўпол муомалада бўлмаслиги ва шундай камчиликларга қайта йўл қўймаслиги юзасидан огоҳлантирилди. Фуқаро Д.Эргашеванинг қонуний талаби қондирилиб, банка ёпқич сифатлисига алмаштириб берилди.