Фарғона вилояти. Шартномасиз ҳисобланган қарздорлик

Фарғона шаҳар, Янги Замон кўчаси 1А-уй 16-хонадонда яшовчи Х.Хамдамовнинг хонадонлари иссиқлик энергияси билан таъминланмаётганлиги, шунинг учун фойдаланилмаётган  иссиқлик манбаидан узиб, тўловдан озод қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Президентининг Фарғона шаҳар Халқ қабулхонасига қилган мурожаати, Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан жойида   ўрганилганда қуйидагилар аниқланди:

Мурожаат муаллифи Г.Хамдамова, шу уйнинг уй бошқарувчиси 23-хонадонда яшовчи А.Тожибоев ва “Бинокор” ХУЖМ ширкати раиси Х.Одиловалар иштирок этди.

Г.Хамдамова ва А.Тожибоевлар ўзлари яшаётган кўп қаватли уйга “Қиргули иссиқлик манбаи” МЧЖ томонидан иссиқ сув етказиб берилаётганлигини, иссиқ сув бўйича муаммо йўқлигини, мазкур кўп қаватли уйда 44та хонадон жойлашган бўлиб, шулардан 3та хонадонда иситиш радиаторлари ўрнатилганлиги, бу хонадонларнинг радиаторлари ўтган йили куз-қиш мавсумида 400С даражада исиганлиги, қолган 41 та хонадонда иситиш радиаторлари олиб ташланганлиги иссиқлик энергиясидан фойдаланилмаганлигини маълум қилди.

Мазкур уйдаги хонадонларнинг иссиқлик тизими ва иссиқ сув тармоғи кўздан кечирилганда ҳақиқатан ҳам 41та хонадонда иситиш радиаторлари ўрнатилмаганлиги (олиб ташланганлиги), № 10, 38 ва 41-хонадонларда иситиш радиаторлари мавжудлиги аниқланди.

“Қиргули иссиқлик манбаи” МЧЖдан ўрганишга тақдим қилинган Янги замон кўчаси 1А-уйдаги хонадонларнинг иссиқ сув ва иссиқлик энергияси бўйича қарздорлик маълумотномасида барча хонадонларга иссиқлик энергияси учун ҳам ҳисоб-китоб юритилиб, 44та хонадонга жами 16 408 445, 28 сўм қарздорлик ҳисобланган.

“Қиргули иссиқлик манбаи” МЧЖ 18.10.2017 йилдаги 840-сонли хат орқали   Янги замон кўчаси, 1-А-уй,  куз-қишки иссиқлик мавсумларида жамият инспекторлари ва ХУЖМШ раиси иштирокида тузилган далолатномаларга асосан иссиқлик энергияси ва иссиқ сувдан фойдаланиб келганлигини, шунинг учун  ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб келинаётганлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014 йилги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”ни 4-бандида  “Етказиб берувчи иситиш учун иссиқлик энергияси етказиб бериш ва иссиқ сув билан таъминлашга истеъмолчилар билан иссиқлик таъминоти шартномаси тузади ҳамда иссиқлик тармоғининг баланс мансублиги чегарасида иссиқлик энергияси бериш режими ва сифати учун жавоб беради” деб белгиланган бўлса-да, МЧЖ томонидан истеъмолчилар билан шартномалар тузилмаган. Иссиқлик энергияси бериш шартлари келишилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг  “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг  21-моддасида  “Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас” деб кўрсатилган.

Истеъмолчиларга  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда исиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”, хонадонларда иситиш тизимини созлаб иссиқлик энергиясидан шартнома асосида фойдаланиш, электр энергияси ва табиий газдан мақсадли фойдаланиш, ҳамда истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди.

МЧЖ  раҳбарияти ва ходимларига хизмат кўрсатишни амалдаги тартиблар асосида истеъмолчилар билан шартномалар тузган ҳолда амалга ошириш ва ҳисоб-китоб юритиш тушунтирилди.

Юқорида аниқланган ҳолатлар ва белгиланган тартибларга асосланган ҳолда Қиргули иссиқлик манбаи” МЧЖ томонидан истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги боис, Фарғона шаҳар Янги замон кўчаси 1А- уйдаги № 10-, 38- ва 41-хонадонлардан ташкари 41та хонадонларга иссиқлик энергияси учун юритилган ҳисоб-китоблар ноқонуний  деб ҳисобланди ваюзага келган қарздорлик бекор қилиниши тўғрисида назорат қилувчи органга маълумотнома юборилди.