Фарғона вилояти. Қарздорми ёки ҳақдор?

Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тумандаги Файзиобод маҳалла фуқаролар йиғини истиқомат қилувчи Х.Жамоловнинг электр энергияси таъминоти масаласидаги мурожаати бўйича олиб борилган ўрганиш ишлари давомида қуйидагилар қайд этилди:

Истеъмолчи яшаб келаётган хонадонда фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиб бориш учун индукцион ҳисоблагич ўрнатилган. Давлат ва хизмат кўрсатувчи корхонанинг муҳрлари жойида. Ўрганиш кунида ҳисоблагич 4808 кВт/с кўрсаткичгача ишлаганлиги кузатилди. Хонадонда электр тармоғига ноқонуний уланиш ва фойдаланиш ҳолатлари кузатилмади.

Туман электр таъминоти корхонаси мижозлар бўлимида истеъмолчининг шахсий варақаси кўрилганда, хонадондаги ҳисоблагич кўрсаткичи базага нотўғри туширилганлиги оқибатида қарздорлик келиб чиққанлиги маълум бўлди. Ўрганиш давомида истеъмолчи хонадонидаги ҳисоблагич кўрсаткичи ва тўлов қоғозлари асосида қайта ҳисоб-китоб ўтказилди. Натижада истеъмолчи қарздор эмас, балки 4972 кВт/с кўрсаткичгача ҳақдорлиги маълум бўлди ва истеъмолчининг ҳуқуқлари тиклаб берилди.