Фарғона вилояти. Қарз бўлдингизми, тўлаб қўйинг… ёхуд назоратчининг лоқайдлиги

Бағдод тумани Самарқанд қишлоғида яшовчи фуқаро Х.Қодированинг хонадонига электр таъминоти корхонасидан йиллар давомида бирон марта ҳам ҳудуд назоратчиси келмаган. Х.Қодирова эса ҳар ойда электр тўлови учун ўтказган маблағини ҳисоблаб қарздор эмасман деб ўйлаб юрган. Сабаби унда кўчага ўрнатилган электр ҳисоблагични кўришнинг имкони бўлмаган. Бу борада туман электр тармоқлари идорасига кириб мижозлар бўлими мутахассисидан ўзининг электр ҳисоб рақамини кўриб беришини илтимос қилганда унга 17815 кВтга яъни, 3 миллион 639 минг  604 сўм 50 тийин қарздорлиги борлиги тўғрисида билдирилган. Буни эшитиб Х.Қодированинг хуши бошидан учган ва шунча қарздорлик қаердан келганлиги тўғрисида сўраганида мутахассис, “қарз бўлдингизми тўлаб қўйинг…” деб қилган қўпол муомаласидан хафа бўлиб тўппа-тўғри Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Х.Қодированинг мурожаатида кўрсатилган ҳолатни ўрганиш юзасидан жамият ходими, электр таъминоти корхонаси ҳисобчиси ва ҳудуд назоратчиси иштирокида Х.Қодированинг хонадонига бориб ҳолат ўрганилганида, электр ҳисоблагичининг охирги кўрсатгичи 11688 кВт электр энергия истеъмол қилган бўлиб, охирги тўлов кўрсатгичи 12632 кВтгача амалга оширган.

Назоратчи гарчи ўша ҳудуд унга қарашли бўлса ҳам, фуқаронинг хонадонига ҳар ойда бориб назорат қилмаган ва компьютер базасига аниқ кўрсатгични киритмаган. Х.Қодированинг айтишича, назоратчини қачон уйига келганини ҳам эслолмайди. У ўзини раҳбарларга ишлаётган ходим қилиб кўрсатиш мақсадида ҳар ойда нотўғри кўрсатгични корхона маълумотлар базасига киритиб борган, ваҳоланки истеъмолчининг истеъмол қилган электр энергияси ва ҳисоблагич кўрсатгичи назоратчи киритаётган кўрсатгичдан анча кам истеъмол қилинган. Назоратчи киритган кўрсатгични база тўғри деб ҳисоблаган ва сунъий равишда фуқаронинг қарздорлиги ошиб кетган.

Фуқаронинг ҳисоблагич кўрсатгичини ПК-ҳисоб дастурига СМС  орқали жўнатилганида шу кунги аниқ ҳисоб-китоб бўйича 17815 кВтга яъни, 3 639 604.50 сўм қарздор эмас (17815кВт Х 204,30 сўм = 3 639 604,50 сўм) аслида 192 859,20 сўм (944кВт Х 204,30= 192 859,20) ҳақдорлиги борлиги аниқланди ва 3 639 604,50 сўм қарздорлиги нореал эканлиги маълум бўлиб ҳисобдан чиқарилди. Истеъмолчининг ҳақдорлиги билан қўшиб ҳисобланганида 3 832 463,70 сўм истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

Корхона назоратчиси ва тегишли ходимларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун моддалари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талаблари тўғрисида тўлиқ тушунтирилди ҳамда келгусида шундай англашилмовчиликларга йўл қўймасликлари тўғрисида огоҳлантирилди.