Фарғона вилояти. Қувасойда сайёр қабул

    Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган жорий 2017 йилда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб турган муаммоларни ечимини топиш, мазкур муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлайдиган идоралар раҳбар ва масъул ходимларининг жавобгарлигини ошириш ва бошқа бир қатор масалалар бўйича вазифалар белгилаб берилди. Федерация раисининг 2017 йил 14 февраль кунидаги 8 и/ч-сонли буйруғи ҳам юқоридагиларни назарда тутади.

    Мазкур буйруқ билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳоли (фуқаролар) билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқотни ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимини жорий этиш, мувофиқлаштириш, мурожаатларни қабул қилиш, қайта ишлаш, кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиниши устидан тизимли мониторинг ҳамда назоратни амалга ошириш, жойларда сайёр чиқишларни ташкил этиш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратлари раисларининг аҳоли (фуқаролар) билан мулоқот кунлари этиб белгиланди.

    Ҳудудий бирлашма томонидан туман ва шаҳар жамиятлари билан ҳамкорликда йил давомида вилоятдаги туман (шаҳар)лар аҳолиси билан юзма-юз очиқ мулоқотлар ўтказиб борилди. Шундай мулоқотлардан бири Қувасой шаҳар Кокилон маҳалласида ўтказилиб, сайёр қабул доирасида ташкилланган давра суҳбатида ҳудудий бирлашма ва Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакиллари томонидан йиғилганларга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ва 2017 йил асосий фаолият йўналишлари режаси ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборотлар берилди. Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар билан олиб борилган мулоқотлар Федерациянинг расмий бланкаларига қайд қилинди.

    Шунингдек мазкур маҳалла ҳудудидаги 2 та умумтаълим мактабига ташриф буюрилиб, аълочи ва намунали хулқ билан таълим олаётган ўқувчиларга китоблар совға қилинди.