Федерация ва “Ўзстандарт” агентлиги ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва “Ўзстандарт” агентлиги ўртасида ҳамкорлик  тўғрисида Меморандуми имзоланди.

2017 йил 14 ноябрь куни  “Ўзстандарт” агентлигида Ўзбекистон  истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси  ва агентлик ходимлари билан  учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда замонавий бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  масалалари долзарб масалага айланаётгани хусусида сўз юритилди. Хусусан,  бугунги кунда Ўзбекистонда  барча бизнес тузилмалари жадал ривожланиб бораётгани  сабабли тадбиркорлик субъектлари кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг натижасида товар  ва хизмат кўрсатиш турлари кенгаймоқда. Шу ўринда истеъмолчи ҳам ишлаб чиқарувчи томонидан  тақдим этилаётган маҳсулотларнинг сифати ҳамда хавфсизлигига тўла ишонч ҳосил қилиши керак.

Мамлакатимизда бу борада  мустаҳкам, меъёрий-ҳуқуқий база яратилган.   Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва  хавфсизлиги тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”,”Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунлар  ва қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани шулар жумласидандир.

Тадбирда Федерация билан “Ўзстандарт” агентлиги ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулозҳазалар билдирилди ва  ҳамкорликка тайёр эканликлари билдириб ўтилди.

Бугунги  ўзаро ҳамкорлик  доирасида Федерация ва агентлик томонидан  ички истеъмол бозорида сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифати ва хавфсизлигини ўрганиш мақсадида олиб бориладиган харид назорати бўйича комплекс тадбирлар белгилаб олинган.  Мазкур харид назоратини ўтказишдан асосий мақсад маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш,  шу билан бир қаторда соҳага оид  қонунларнинг  ижросини  амалга оширишдан иборат.   Бу борада ҳамкор ташкилотларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларининг малакали мутахассислари таркибида ҳудудий “Ишчи гуруҳ”лари ташкил этилиб, улар  томонидан маҳсулотлар таҳлили умумлаштирилади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария-гигиена қоидалари ва стандарт  меъёрлари талаблари асосида ишлаб чиқариш жараёнларини  ўрганиш мақсадида савдо шохобчаларидан белгиланган тартибда маҳсулотлар харид қилиш,  маҳсулотларни сақлаш, ташиш ва сотиш талабларига риоя этмаган савдо шохобчаларига тегишли тавсиялар бериш орқали мазкур лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Учрашув якунида томонлар томонидан Меморандум имзоланди. Ҳужжатда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд фуқаролар манфаатларини давлат ва жамият томонидан ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчи (сотувчи, хизмат кўрсатувчи)лар ўртасидаги ўзаро муносабатларни огоҳлантириш тамойилида тартибга солишни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини татбиқ этиш,  семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ҳамда аҳоли ўртасида оммавий тадбирларни ташкил этиш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билим савиясини ошириш,

Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган вазифалар ижросини амалга оширишда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ҳам жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини қуришга йўналтирилган дастурларни, қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шу билан бир қаторда истеъмолчиларнинг савдо, маиший, коммунал ва бошқа хизматлар кўрсатиш соҳаларида бузилган ҳуқуқларини қонунчиликда белгиланган тартибда тиклаш йўлида алоҳида экспертизалар ташкил этиш, ҳулосалар тайёрлаш, маълумотномалар тузиш ҳамда ҳукумат ва бошқа давлат бошқарув идораларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш каби масалар ҳам ҳужжатдан ўрин олган.