Федерация. Ўйинчоқ харид қилиш маданиятига бағишланди

“Тошкент” телеканалида эфирга узатилаётган “Телетаҳлил” кўрсатувининг навбатдаги сони болалар ўйинчоқлари, уларнинг сифати, хавфсизлигига бағишланди. Кўрсатув давомида  ўйинчоқларнинг турлари: юмшоқ, батарейкада ишлайдиган, пластмасса ва резина, пуфлаб шиширадиган, товуш чиқарадиган, конструкторлари билан таништириб ўтилди.

Маълумки, ўйинчоқлар  болалар ҳаётида яъни ўсиши, ривожланишида муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда педагог, психолог, шифокорларнинг фикр-мулоҳазалари  берилди. Унда ота-оналар ўйинчоқларни танлашда кичкинтойларнинг ёши билан бир қаторда уларнинг қизиқишларини инобатга олиш ва харид қилиш маданияти ҳақида ҳам тўлиқ маълумотлар бериб ўтилди. Мабодо сифатсиз ўйинчоқларга дуч келинганда ёки улар болаларнинг соғлиғига зиён етказганда қандай йўл тутиш керак?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассиси томонидан истеъмолчи сифатсиз ва хавфли ўйинчоқлар харид қилганда, албатта уни  мавжуд-тартиб қоидаларга биноан назорат касса чеки билан сифатлисига алмаштириб олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида маълумот бериб ўтилди.  Болаларни соғлиғига ножўя таъсир этиш эҳтимоли кузатилган ҳолларда эса, албатта етказилган моддий ва маънавий зарар қопланишини талаб қилишга ҳақлиги ҳам айтиб ўтилди.

“Телетаҳлил” кўрсатувининг айнан болалар ўйинчоқларига бағишланганидан кўзланган мақсад – келгуси авлодни турли ички ва ташқи хавф-хатарлардан, арзимас туюлган ўйинчоқларнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш. Мухтасар қилиб айтганда, фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб вояга етишида асосий ўрин эгаллайдиган ўйинчоқларнинг мукаммал бўлишини таъминлаш барчанинг зимма­сидаги масъулиятли вазифа­дир. Зотан, болаларнинг шиддат билан ўзгараётган замонга мослашишида катта­ларнинг кўмаги доимо зарур бўлишини унутмайлик.