Федерация. “Jama Style” МЧЖда давра суҳбати ўтказилди

 “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида ўтказилган давра суҳбати “Jama Style” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон  истеъмолчилар  ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари  федерацияси томонидан ўтказилган мазкур тадбирни корхонанинг ишлаб чиқариш раҳбари  А.Абдураимова кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни  корхона фаолияти, бугунги кунда корхонада ўттиз нафар ишчи-ходим иш билан таъминланганлиги, уларга меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлиги, амалга оширилаётган ишлар ва эришилган ютуқлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Хусусан, корхона устки кийимлар тикишга ихтисослашганлиги, нафақат мамлакатимиз аҳолиси учун балки Россия ва  бошқа мамлакатларга ҳам бежирим, сифатли маҳсулотлар етказиб берилаётганлиги юртимизда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар самараларидан эканлиги ҳақида  ҳам фикрлар билдириб ўтилди.

А.Абдураимова шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик асослари яратилганлиги, ўтган йигирма беш йил ичида Конституция  ҳақиқатан ҳам ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати бўлиб келаётганлигига йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратди.

Тадбирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи У.Мансурова томонидан  “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида  қилинган маърузада корхона ишчи-ходимлари Ўзбекистон халқини 130 дан зиёд этник гуруҳ вакиллари ташкил этиши,  Конституция инсон ва фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барчанинг қонун ва суд олдида тенглигини ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларининг тенглигини кафолатлайдиган Бош қомусимиз эканлиги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устуворлиги Конституциянинг 53-моддаси билан мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотлардан воқиф бўлдилар.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун  ва соҳага оид меъёрий ҳужжатлар ҳақида ҳам батафсил тушунча  бериб ўтилди.

Мазкур корхонада ўтказилган давра суҳбати давомида корхона ходимлари баъзи ҳолларда инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар, иш ва  хизматларнинг  бажарилишидан огоҳ бўлиш, нуқсонли товарларни сифатлисига алмаштириш, манфаатларини ҳимоя қилиб ваколатли органларга мурожаат қилиш тартиб-қоидаларидан  воқиф бўлдилар.

Тадбир сўнггида иштирокчилардан тушган  саволлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар бериб ўтилди.