Халқ манфаати йўлида

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти водий вилоятлари бўйлаб хизмат сафарида бўлиб, Федерация раиси Ж.Саримсоқов Андижон вилоятнинг Андижон шаҳрига ташриб буюрди ҳамда шаҳар ҳокими Дилмурод Рахматуллаев билан учрашди. Учрашувда Андижон вилояти ҳокимининг 2017 йил 26 апрелдаги “Вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 246-Қ-сонли қарори ижросини бугунги ҳолати ҳамда шаҳарда фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Федерация раиси шаҳарда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро (истеъмолчи)ларнинг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо бериб, бу бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар бериб ўтди. Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Рахматуллаевнинг фикрича ҳалигача шаҳар ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаш ва уларни бажаришда сусткашликка йўл қўймоқда. Албатта, бунда Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ҳам айби мавжуд. Мазкур жамиятда ишнинг тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида кўп ишлар хўжакўрсинга бажарилиб келинмоқда. Эндиликда шаҳар ҳокимининг шахсан назорати остида жамият фаолияти ривожлантирилади.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамда Шаҳрихон туман ҳокими Хикматулло Дадахоновлар иштирокида вилоят ҳокимининг 26.04.2017 йилдаги “Вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 246-Қ-сонли қарори ижросини бугунги ҳолати ҳамда туманда фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, шаҳарда “Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссияси” республика кўрик-танловини юқори савияда ўтказиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти Андижон вилоятига ташрифи аҳолининг бугунги кун турмуш шароити билан яқиндан танишиш мақсадида бир қатор оилаларга кириб, улар билан дилдан суҳбатлашди. Шаҳрихон туманига амалга оширилган ташрифда туманнинг “Мустақиллик” МФЙ “Мустақиллик” кўчаси 26-уйда яшовчи Мутолипова Солияхон аянинг хонадонида бўлиб, аянинг турмуш шароити ўрганилди. Солияхон ая ёлғиз қариялардан бўлиб фақат нафақа билан ҳаёт кечиради. Федерация раҳбарияти томонидан Мутолипова Солияхон аяга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари берилди ва федерациянинг тумани жамиятига доимий хабар олиб туриши таъкидланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов Асака туманидаги “Нурафшон” МФЙ “Бўстон” кўчасида истиқомат қилувчи Абдуқодирова Наргиза опанинг уйига ташриф буюрди. Наргиза опанинг тўрт нафар фарзанди бўлиб, кам таъминланган оилалардан ҳисобланади. Федерация раҳбарияти томонидан унга рўзғори учун керакли озиқ-овқат маҳсулотлари берилди ҳамда федерациянинг ҳудудий бўлимига унинг турмуш шароитидан доимий хабар олиб турилиши айтилди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти Марҳамат тумани “Бозорбоши” МФЙ “Чуқур” маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони 9 ёшли Исмоилова Зулайхонинг ҳолидан хабар олиш учун ташриф буюришди. Федерация раҳбарияти томонидан унинг оиласига озиқ-овқат маҳсулотлари берилди ҳамда Зулайхо учун зарур бўлган шароитларни яхшилашда федерациянинг кўмаги берилиши таъкидланди.