ХАТО ТЎҒИРЛАНДИ

Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тумандаги “Чанг” қишлоғида яшовчи фуқаро Қувватов Салимжон туман электр таъминоти корхонаси томонидан унга нисбатан билдирилаётган қарздорликка аниқлик киритиб бериш тўғрисида ёзма мурожаат қилди.

Туман жамияти ходимлари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида С.Қувватовнинг хонадонига борилганда хонадонга DDS-28U маркали электр ҳисоблагич ўрнатилганлиги, ҳисоблагич кўрсатгичи 4346 кВт эканлиги, ҳисоблагичнинг назорат ва давлат муҳрлари жойидалиги, ишлаб чиқарувчи (завод) рақами 1812765 эканлиги маълум бўлди.

Сўров асосида туман Электр таъминоти корхонаси ПК-учёт ҳисоблаш дастуридан С.Қувватовнинг абонент картаси олинганида, истеъмолчи томонидан электр тўловларини ойма-ой тўлаб борилганлиги, лекин ўтган ойлар ичидан сентябрь ойида негадир истеъмолчи томонидан электр энергияси учун тўлов ўтказилмаганлиги қайд этилди. Истеъмолчи эса ҳар сафар пенсия олиш асносида электр энергияси учун ҳам тўлов қилишини, сентябрь ойида ҳам 74 000 сўм миқдорида тўлов қилганлигини айтди.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Халқ банки туман бўлимининг ҳудудга пенсия тарқатувчи маъсул ходимлари билан ҳам суҳбатлашилди. Маълум бўлишича, пенсионерга пенсиясини бериш вақтида электр энергияси учун тўланган пул маблағини банк ходими адашиб бошқа истеъмолчининг абонент рақамига тушириб юборган экан.

Мазкур ҳолат бўйича банк ходимлари томонидан зудлик билан кўрилган чоралар натижасида истеъмолчининг 74 000 сўм тўлови унинг шахсий абонент рақамига тушириб берилди.