Хоразм газ ИСТЕЪМОЛЧИНИНГ МАНФААТИ ЙЎЛИДА

     

    Урганч туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан  Солия Оллаберганова манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиниб, 2017 йил 6 январда “Урганчтумангаз” филиали томонидан расмийлаштирилган 2367-сонли далолатномани ҳақиқий эмас деб топишни сўралди. Суд мажлисида даъвогар 2017 йил 6 январда “Урганчтумангаз” филиали томонидан ГХУ яроқсиз деб расмийлаштирилган 2367-сонли далолатномани ноқонуний расмийлаштирилганлиги, далолатномада хонадон эгасининг имзоси йўқлиги, далолатнома расмийлаштириш қоидаларига риоя қилинмаганлигини билдириб, ушбу далолатномани ҳақиқий эмас деб топишни сўради.

     

    “Урганчтумангаз” филиали вакили суд мажлиси бўлиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилишига қарамасдан суд мажлисига етиб келмади. Шунга кўра суд, ФПКнинг 174-моддасининг учинчи қисмига асосан ишни жавобгарнинг иштирокисиз кўришни лозим топиб, даъвогарнинг тушунтиришини тинглаб, ишда тўпланган ҳужжатларни кўриб чиқиб, қуйидаги хулосага келади.

    Аниқланишича, 2017 йил 6 январда “Урганчтумангаз” филиали томонидан Урганч туман Бекобод қишлоғи “Оқ ёп” маҳалласида яшовчи Солия Оллаберганова хонадонининг ГХУ яроқсиз деб, 2367-сонли далолатнома расмийлаштирилган ва хонадонга 487 490 сўм юклама қилинган. Ушбу далолатномада холислар иштироки таъминланмаган, далолатнома тузилишидан олдин огоҳлантириш хати берилмаган, хонадон эгаси далолатнома билан имзо қўйиш орқали таништирилмаган ёки имзо қўйишдан бош тортганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилмаган.

    Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 18, 174, 203-206, 269, 271-моддаларини қўллаб ҳал қилув қарорга асосан, истеъмолчи С.Оллаберганова манфаати, жавобгар “Урганчтумангаз” филиалига нисбатан далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилиши, Хоразм вилоят “Шимолгазтаъминот” УК “Урганчтумангаз” филиали томонидан 2017 йил 6 январда расмийлаштирилган 2367-сонли сонли далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур ариза юзасидан ўрганиш ўтказилиб, истеъмолчи Хушнуд Сапаровнинг онаси С.Оллаберганованинг фойдасига 487 490 сўм ижобий ҳал қилиниб, тегишли тартибда жавоб хати тақдим қилинди.