ШИЖОАТКОР САМАРҚАНД ЁШЛАРИ

“Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги учрашув САМАРҚАНД шаҳрида бўлиб ўтди . Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов самарқандлик фаол ёшлар, тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассислар, таянч гуруҳлари раҳбарлари, Ёшлар Иттифоки вилоят кенгаши вакиллари, юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг Ёшлар қаноти аъзолари, шунингдек, Олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида билим олаётган ўқувчи-талабалар билан учрашди. Учрашув расмий йиғилиш тарзида эмас балки очиқ мулокот, самимий мунозаралар тарзида ташкил этилди. Унда сўз олганлар бугунги кунда юртимизда ахолининг истеъмол маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсати хусусида фикр-мулохазаларини билдирдилар.

Ёш истеъмолчи ким?, бугун улар кандай муаммо ва тўсиқларга дуч келмокда, уларнинг конуний ечими борми, ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзлар қачон ўз самарасини беради? Бу каби саволлар учрашувда кенг муҳокама этилди.

Дастлаб раҳбарлардан бироз тортиниб турган ёшлар, кейинчалик уларни кийнаётган муаммолар, амалга оширмоқчи бўлган ғоялари ва мақсадлари хусусида бирин–кетин гапириб бера бошлашди. Қўшработлик Бегзод Саидалиев олий маълумотли эканлигини, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини тамомлаганини ва келажакда ўз билими ва малакаси билан юртимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилмоқчи эканлигини таъкидлади. Федерация раисининг ҳудудий бирлашмада ишлаши мумкинлиги тўғрисидаги таклифи Бегзоджонни, қолаверса қолган барча ёшларни тўлқинлантириб юборди.

Пайариқлик Дилфуза Қулмирзаевага ногирон фарзанди учун махсус ногиронлар аравачаси федерация маблағлари ҳисобидан ажратиладиган бўлди. Олийгоҳ талабаси Фаррухжон Ҳакимовнинг вилоятда “Ёш истеъмолчилар клубия”ни ташкил этиш ҳақидаги таклифлари ҳам бир овоздан маъқулланди. Пайариқлик Воҳид Сайфиддиновнинг хонадонида очмоқчи бўлган ҳунармандчилик устахонасига Ёшлар Иттифоқининг вилоят кенгаши мутасаддилари томонидан амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Ургутлик Ўғилой Жалолова ўз бизнес лойиҳасида назарда тутилган зотдор қуёнларни тез кунларда қўлга киритади. Умида Бобобекованинг таълим кредити олиш билан боғлиқ ғоялари, Бегзод Раимовнинг банк пластик карточкалари хусусидаги мулоҳазалари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Хуллас янгиликлар, ҳурсандчиликлар , яхши хабарлар кўп. Самарқандлик ёшларнинг таклифлари, талаблари , ғоялари жуда кўп ва улар хилма-хил.

— Мен бугунги учрашувдан жуда катта таассуротлар олдим. Истеъмолчи сифатидаги жуда кўп ҳуқуқларимни билмас эканман. Менимча, тенгдошларим ҳам шундай. Агар бу ҳуқуқлар ва имкониятлардан вақтида ва жойида фойдалана олсам, ҳамма ишларим яхши бўлади ва Федерация раиси ваъда қилган зотдор қуёнларни кўпайтириб, элимизга хизмат килмоқчиман, — дейди Ургутлик Ўғилой Жалолова.