Қашқадарё вилояти. Аккумулятор сифатлисига алмаштириб берилди

Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Китоб тумани Намозгоҳ кўчасида яшовчи Беҳзод Холиқов мурожаат қилиб, шаҳар “Осиё” бозори ҳудудида жойлашган ЯТТ Муродов Азамат Мамаюсуповичга қарашли 63-сонли савдо дўкони ходимлари хизматидан норозилигини билдирган.

Истеъмолчи ўз мурожаатида мазкур савдо дўконидан ўзининг “Нексия” русумли шахсий автомобили учун бир дона аккумуляторни 500 000 сўмга сотиб олганлиги, лекин ушбу сотиб олинган аккумулятордан фойдаланганда қисқа муддат ўтмасдан ишламай қолганлиги сабабли савдо дўконига олиб бориб сотувчидан бошқа сифатлисига алмаштириб беришларини талаб қилганлиги, аммо унинг талаби бажарилмаганлиги яъни маҳсулоти сифатлисига алмаштирилмаганлигидан шикоят қилган.

Мурожаатда келтириб ўтилган ҳолатни бартараф этиш бўйича Қарши шаҳар ижро этувчи аппарти ходимлари ҳамда ариза муаллифи иштирокида ўрганиш ишлари ташкил этилди. Ўрганишлар давомида дўкон сотувчисига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни тарғиб этилиб, сотувчи томонидан харидорга сотилган фойдаланишга яроқсиз аккумулятор дўконга қайтарилиб, истеъмолчига худди шу маркадаги  сифатли аккумулятор алмаштириб берилди.