Қашқадарё вилояти. Иш бажарувчининг лоқайдлиги мурожаатга асос бўлди

Шаҳрисабз тумани “Исабек” кўчаси 86-уйда яшовчи фуқаро Абдуназар Бозоров Абдуназар хонадонига янги дарвоза ўрнатиш истагида Китоб шаҳар “Катта йўл” кўчасида жойлашган темир дарвоза ясаш устахонаси устасига оғзаки келишув асосида буюртма қолдиради. Истеъмолчи мазкур иш учун устага 2 200 000 сўм пулни олдиндан тўлайди. Келишувда белгиланган муддат ўтса-да, дарвоза хонадонга етказиб берилмайди. Бундан ажабланган истеъмолчи иш бажарувчи ҳузурига бир неча маротаба бориб, буюртма қилинган дарвозани кўрсатишини сўрайди. Аммо уста томонидан иш ҳали-хануз бажариб берилмаганлиги, истеъмолчи норозилигини келтириб чиқаради. Абдуназар Бозоров мазкур ҳолатни бартараф этиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб, Китоб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига  мурожаат қолдиради.

Мурожаат туман жамияти ходимлари ва истеъмолчи иштирокида жойига бориб ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида истеъмолчи мурожаатида айтиб ўтилган ҳолатлар бартараф этилди. Яъни ижрочига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талабларини бажармаганлиги тушунтирилиб, иш бажарувчи томонидан ясаб берилмаган дарвоза тайёрланиб, истеъмолчи хонадони ўрнатиб берилди.