Қашқадарё вилояти. Мулоқотлар – инсон манфаатларига хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали механизмларини жорий қилиш орқали одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти томонидан Қашқадарё вилоятида аҳоли билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Федерация вакиллари томонидан Яккабоғ тумани, “Уламжи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Саидовлар хонадонига ташриф буюрилганда, оила бошлиғи Нортожи аканинг 2 гуруҳ ногирони эканлиги, меҳнатга лаёқатсизлиги, қарамоғида 4 нафар фарзанди борлиги, улардан икки нафари вояга етмаганлиги, икки нафар вояга етган қизларининг бугунги кунда ишсиз эканлиги ҳамда оила кам таъминланган оилалар рўйхатида туриши аниқланди.

Федерация раҳбарияти томонидан хонадон эгаларининг мурожаатига кўра, оиланинг икки нафар вояга етган қизларини туман ҳокимининг ёрдами билан “Яккабоғ воҳа текс” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлашишига амалий ёрдам берилди. Ундан ташқари мазкур оилага, кундалик эҳтиёж моллари тақдим этилди.

Хусусан, Федерация вакиллари Чироқчи туманида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Гулчеҳра опа Самадовалар оиласига озиқ-овқат масҳулотлари тақдим этилди, шунингдек Гулчеҳра опанинг мурожаатига кўра келгусида касаначилик орқали турмуш шароитини яхшилашга эришиши мақсадида, Федерация раиси Ж.Саримсоқовнинг ташаббуси билан мазкур оила тикув дастгоҳи билан таъминланадиган бўлди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, шунингдек вилоят ҳокимининг “Вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини бугунги ҳолати юзасидан Федерация вакилларининг Чироқчи ва Косон туман ҳокимлари билан учрашувлари ўтказилди.

Учрашувлар давомида ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, туманда фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари фаолиятини самарали  ташкил этиш юзасидан қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.