Қашқадарё вилояти. Носоз телефон учун тўланган пул маблағи қайтарилди

Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига Қамаши тумани, “Чим” қишлоғида яшовчи Гуласал Норматованинг Қарши шаҳар “Янги бозор” ҳудудида жойлашган тадбиркор Фарҳод Фахриддиновнинг кўрсатган хизматидан норози бўлиб ёзган аризаси қабул қилинди.

Аризада истеъмолчи жорий йилнинг 15 сентябрь куни тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқародан бир дона “Самсунг” маркадаги қўл телефонини 600 000  сўм нақд пулга оғзаки келишувга асосан харид қилганлиги, аммо сотиб олинган телефондан носозлиги сабаб фойдалана олмаганлиги норози бўлиб, сотувчига ушбу ҳолатни бартараф этишини сўраб мурожаат қилганжа, дўкон сотувчиси телефон қачон сотилса шундан пулни қайтариб бераман дея истеъмолчи талабини қаноатлантирмаганлигидан арз қилган.

Фуқаро аризасида келтирилган важлар юзасидан Қарши шаҳар ИҲҲҚЖ ходимлари ва мурожаатчи иштирокида жойига бориб ўрганиш ишлари ташкил этилди. Натижада дўкон сотувчисига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси талабларини бажармаганлиги юзасидан тушунтиришлар берилди ва  сотувчи томонидан ихтиёрий равишда истеъмолчига носоз телефон учун тўланган  пул маблағи қайтариб берилди.