Қашқадарё вилояти. Пойабзалнинг бири 28, иккинчиси 29 ўлчамда экан…

Ғузор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Ғузор тумани “Қайирма” қишлоғида яшовчи фуқаро И.Нурматов мурожаат қилиб, жорий йилнинг 19 декабрь куни туман “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида фаолият кўрсатаётган ЯТТ “Бобоев Тўра”га қарашли 84-сонли савдо дўкони сотувчиси Барно Туропованинг хизматидан норози бўлган.

Фуқаро савдо дўконидан фарзанди учун умумий қиймати 60 000 сўм бўлган бир жуфт болалар пойабзалини сотиб олган. Уйда фарзандига кийдириб кўриш чоғида ундаги ўлчамлар бир-бирига тўғри келмаслиги яъни бири 28, иккинчиси 29 ўлчамдагисини кўриб, дўкон сотувчисидан маҳсулотни бошқа сифатлисига алмаштириб ёки қиймати учун тўланган пулни қайтариб беришини сўраган. Бироқ сотувчи бизда сотилган маҳсулот қайтариб олинмайди, дея истеъмолчи талабини рад этган.

Аризадаги ҳолатни бартараф этиш мақсадида туман жамияти ходимлари иштирокида қисқа муддатли ўрганиш ишлари ташкил этилди. Натижада савдо дўкони сотувчисига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори талабларини бузганлиги тушунтирилиб,  юзага келган муаммонинг олди олинди. Яъни истеъмолчи талабига биноан икки хил ўлчамдаги пойабзал учун тўланган пул истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.