Қашқадарё вилояти. Сифатсиз дазмол дўконга қайтарилди

Деҳқонобод тумани, “Айридевол” МФЙда яшовчи фуқаро Д.Абдураҳмонова Қарши шаҳар ҳудудидаги Қарши шаҳар “Лангардара” МЧЖга қарашли “Орзу” савдо мажмуасида тадбиркорлик билан шуғулланувчи ЯТТ Тоғаева Юлдуз Зиятовага қарашли савдо дўконидан 70 000 сўмга бир дона дазмол сотиб олади. Лекин харид қилинган маҳсулот сифатсизлиги сабаб истеъмолчи ундан ўз эҳтиёжи учун фойдалана олмайди. Шундан сўнг фуқаро сифатсиз маҳсулотни алмаштириб беришларини сўраб дўкон сотувчисига мурожаат қилади. Аммо сотувчи истеъмолчи талабини рад этади ва истеъмолчи норозилигини келтириб чиқаради. Юзага келган вазиятни ҳал эта олмаган истеъмолчи кўмак беришларини сўраб Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.

Жамият масъуллари иштирокида мурожаат ўрганилиб, шикоят асосли эканлиги ўз тасдиғини топди. Натижада сотиб олинган сифатсиз дазмол дўконга қайтарилиб, истеъмолчи талабига мувофиқ худди шу маркадаги сифатли дазмол истеъмолчига алмаштирилиб берилишига эришилди.