Қашқадарё вилояти. Сотувчининг найрангига чек қўйилди

Китоб тумани “Қайнар” МФЙ  “Совуқ булоқ” қишлоғида истиқомат қилувчи  Ботир Эшонқулов иссиқхона қуриш ва керакли маҳсулотларни харид  қилиш мақсадида Китоб шаҳридаги “Деҳқон бозори”га боради.  У ердан иссиқхона атрофини ўраш учун мўлжалланган мақбул сифатли “плёнка”ни топади ва 66 метр плёнкани савдо ходими билан келишиб, 769 000 сўмга сотиб олади ва харидидан мамнун бўлиб уйига қайтади. Фуқаро плёнкани  иссиқхонага ўрнатаётганда маҳсулот ўзи танлаб олган қалин турдаги плёнкага  сира мос келмаслиги уни хайратда қолдиради. Сотувчи унга танлаб олган маҳсулоти ўрнига бошқа сифати анча паст плёнкани ўраб бергани ва сотувчининг  найрангига чув тушганлигини тушуниб етади. Шундан сўнг Б.Эшонқулов ўз манфаатини ҳимоя қилишларини сўраб Китоб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппартига мурожаат қилади.

Туман жамияти ходимларини ҳамда истеъмолчи иштирокида ўтказилган ўрганишлар натижасида мурожаатда келтирилган ҳолат асосли эканлиги аниқланиб, савдо ходимига амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига зид хатти-ҳаракат қилганлиги тушунтириб, истеъмолчи талабига мувофиқ сифати паст плёнка дўконга қайтарилди ва сифатли маҳсулотга алмаштириб берилиши таъминланди.