Қашқадарё вилояти. Сунъий равишда очилган абонент карталар ғайриқонуний деб топилди

Чироқчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Чироқчи туман Ф.Хўжаев МФЙ “Oбодон” қишлоғида яшовчи Махмарежаб Баванов ариза билан мурожаат қилиб, хонадонига Чироқчи туман ЭТК ходимлари томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз 1 275 000 сўм қарздорлик ёзиб қўйилганлигидан шикоят қилган ва йўл қўйилган хатоликни бартараф этишда жамият ходимларидан амалий ёрдам беришларини сўраган.

Мазкур ариза туман жамияти ва таъминотчи корхона ходимлари иштирокида атрофлича ўрганилди. Ўрганиш ишларида Чироқчи туман ЭТК томонидан 2017 йил 12 апрель куни № 68-сонли алоқа хати орқали истеъмолчининг хонадонига ўрнатилган ҳисоблагич бўйича 823 894 сўм қарздорлик ва тегирмонга ўрнатилган ҳисоблагич бўйича 1 903 295 сўм қарздорлиги мавжудлиги ҳақида маълумот берилган ва корхона томонидан фуқаро номига иккита абонент рақамлари очилган, биринчиси хонадон, иккинчиси 2011-2012 йиллардаги тегирмон учун. Туман электр таъминоти корхонаси тақдим этган маълумот бўйича истеъмолчи фойдаланган электр энергияси учун АСУ маълумотлар базасида 9917 КВТ/С кўрсатгич киритилганлиги ҳамда хонадонга 3244 КВТ/С ортиқча киритилганлиги сабаб 619 604 сўм ортиқча қарздорлик ёзилганлиги аниқланди.

Бироқ, фуқаро ўз аризасида хонадонига ҳеч қандай тегирмон ўрнатилмаганлиги ва бу борада туман ЭТКга бу борада мурожаат ҳам қилмаганлиги асосланиб, иккинчи абонент рақами М.Баванов номига сунъий равишда корхона ходимлари томонидан очилганлиги ўз исботини топди.

Юзага келган ҳолатни бартараф этиш мақсадида туман жамияти ходимлари иштирокида истеъмолчи манфаатини кўзлаб, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати устидан Чироқчи туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

Суд берилган шикоят бўйича 6-50-17-сонли фуқаролик иши кўрилиб, қарор қилди:

Аризачи Чироқчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Махмарежаб Бавановнинг манфаатини кўзлаб мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати устидан берган шикояти қаноатлантирилсин.

Чироқчи туман электр таъминоти корхонасининг 2017 йил 12 апрелдаги № 68-сонли алоқа хати билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар ғайриқонуний деб топилсин ва истеъмолчи номига аоссиз ҳисобланган қарздорликни бекор қилиб, қайта ҳисоб- китоб қилиб бериш мажбурияти юклатилсин.