Қашқадарё вилояти. Шартнома шарти мурожаат сабаб бажарилди

    Қарши туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Қарши тумани “Батош” массиви 1-149 уйда яшовчи  Шароф Рашидов ариза билан мурожаат қилди. Истеъмолчи ўз аризасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2015 йил Қарши тумани “Батош” массивидаги қуриб фойдаланишга топширилган 1-149 намунали уйни олганлиги, бироқ бугунги кунга қадар “Қишлоққурилишинвест” УК МЧЖ вилоят филиали ва “Дашт қурилиш таъмирлаш Файз” хусусий корхонаси томонидан шартномада кўрсатилган шартлар бажарилмай, ичимлик суви хонадонига улаб берилмай келинаётганидан норози бўлган. Мазкур ариза истеъмолчи ва мутасадди ташкилотлар ҳамда туман жамияти ходимлари иштирокида ваколат доирасида ўрганилиб, хонадонга ичимлик суви ҳақиқатдан ҳам икки йилдан ортиқ давомида улаб берилмаганлиги аниқланди. Натижада, мутасадди ташкилотлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчилик жойида бартараф этилди. Ичимлик суви хонадонга улаб берилиб, истеъмолчи аризаси ижобий ҳал қилинди.