Қашқадарё вилояти. Ўлчами тўғри келмагандан сўнг…

Миришкор тумани Обод қишлоғида яшовчи фуқаро О.Дегилова Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилиб, Қарши шаҳар “Ерқурғон” бозорида тадбиркорлик билан шуғулланувчи ЯТТ Наврўзова Моҳигул Иброҳимжоновага қарашли савдо дўконидан 230 000 сўмга келинлар либоси сотиб олганлиги, лекин сотиб олинган кўйлак ўлчами фуқарога тўғри келмаганлиги сабабли мазкур либосни керакли ўлчамдагисига алмаштириб олишда  муаммо юзага келаётганлигидан норози бўлган.

Мурожаатга биноан жамият ходимлари томонидан ўрганиш ишлари ташкил этилиб амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатларининг тегишли моддаларига асосан фуқаро сотиб олган кўйлак дўконга қайтарилди ва унга тўланган 230 000 сўм сотувчи томонидан ихтиёрий равишда истеъмолчига қайтариб берилиши таъминланди.