Қашқадарё вилояти. Қонуний чора кўриладиган бўлди

Ғузор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига  келиб тушган мурожаат ўз вақтида ижобий ечимини топди. Унда баён қилинишича, Ғузор тумани “Гўзал диёр” қишлоғида яшовчи Гулнора Тошмуродова харид қилиш истагида тумандаги “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ЯТТ “Худойбердиев Ахмад Холмуротович”га қарашли 105-савдо дўконидан 1-дона аёллар жемфирини 135 000 нақд пул ва турмуш ўртоғи Ш.Мойлиевнинг пластик карточкаси орқали 35 000 сўм, жами 170 000 сўмга харид қилган. Сотувчи харидордан пул қабул қилиб олганлигини асословчи харид чеки бермаган.

Истеъмолчи сотиб олган жемфирни уйига олиб бориб кўздан кечириб кўрганда, жемфир ўлчами кичиклигини англаб етади. Шундан сўнг у харид қилинган товарни дўконга олиб бориб сотувчидан катта ўлчамдаги товарга алмаштириб ёки товар учун тўланган пулни қайтариб беришларини сўрайди. Бироқ, сотувчи истеъмолчи талабини рад этади ва бу билан икки ўртада низога сабаб бўлади.

Ғузор туман жамияти ходимлари томонидан тадбиркорга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилиб, сотувчи томонидан ихтиёрий равишда товарни қайтариб олинди, истеъмолчига тўлаб берилган пул қиймати тўлиқ тўлаб берилди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида ЯТТ “Худойбердиев Ахмад” томонидан истеъмолчига товар сотилганлиги ҳақида касса чеки бермасдан савдо қилганлиги ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, савдо қоидаларига риоя этмаганлиги туфайли тадбиркорга нисбатан “Солиқ Кодекси”нинг тегишли бандларига мувофиқ қонуний чора кўриш учун Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармасига маълумот киритилди.