Қорақалпоғистон Республикаси. Очиқ мулоқот амалий натижа бермоқда

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг туман (шаҳар) жамиятлари томонидан аҳоли билан учрашув ва мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда.

Ушбу учрашувлар давомида Федерация раҳбарияти томонидан  Нукус шаҳри, Саманбай МФЙ, Чимбой эли кўчаси, 31-уйда истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони, иккита қиз фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказиб келаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож Иқлийма Сапарова хонадонига ташриф буюрилди.

Хонадонга федерация ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Яшаш шароити билан яқиндан танишди. Федерация томонидан Иқлийма опа хонадонига оиланинг иқтисодий таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида умумий қиймати 300 000 сўмлик 10 дона товуқ ёрдам тариқасида берилди.

“Федерация ходимлари ва МФЙ ходимлари уйимга келиб ҳолимдан хабар олганликлари учун жуда хурсандман. Уларнинг берган товуқлари эса менга катта совға бўлди. Кўмак берувчи “қўллар”нинг кейинги фаолиятига омад тилайман ҳамда бугунги ёрдами учун ўз миннатдорчилигимни билдираман”,-  дейди  Иқлийма опа.

Шунингдек, хонадон таъмирталаб даражада эканлиги сабабли мазкур маҳалла томонидан уни бартараф этиш учун ҳашар уюштирилди. Уйни иситиш қозони бўйича И.Сапарованинг берган мурожаати  эса Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ҳал қилинадиган бўлди.