“Шарҳ+”да ФАРМОН ВА ҚАРОР ИЖРОСИ

“Ўзбекистон” телеканалининг  “Шарҳ+” кўрсатуви Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга бағишланди.

Олимжон Сафоев муаллифлигидаги мазкур кўрсатувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси катта прокурори Нодиржон Абдураҳмов,  “Ўзстандарт” агентлиги бошқарма бошлиғи Жавлон Каттахўжаев, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқарма бошлиғи Акрамжон Адизов,   “Ўзагроэкспорт” АЖ бош директор ўринбосари  Султон Назаров, Ўзбекистон истеъмолчилдар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ходими Умида Мансурова ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхонаси тадбиркори Шуҳратжон Исмоиловлар иштирок этишди.

 

Кўрсатув давомида масъул ходимлар томонидан  Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги Фармонда, импортни монополлаштириш, сунъий тақчилликни юзага келтириш, нарх-навони асоссиз оширишга олиб келаётган тизимли муаммолар, улар учун бозорга киришда тенг шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг сифатли ва арзон озиқ-овқат товарларига бўлган талабини тўла қаноатлантириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Бу борада бюрократияни бартараф этиш мақсадида тадбиркорларнинг чет эллик инвесторлар ва ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотларини ташкил этиш вазифалари ҳам мазкур Фармонда акс этилгани тадбиркорларга берилаётган бир қатор қулайликлардан бири эканлигига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек,  кўрсатувда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги “Айниқса, озиқ-овқат муаммосини ҳал этиш, генетик модификация қилинган маҳсулотлар етиштирмаслик бўйича қатъий назорат ўрнатишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилиши, сўнгги йилларда мамлакатимиз бозорларида импорт мева-сабзавот маҳсулотлари кўпайиб бораётгани бизни албатта ҳушёрликка чақириши керак” деган сўзларига жиддий эътибор қаратилиши лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларини маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга оид қарорда жорий этиш белгиланган “ИСО 22000”, “Ҳалол” стандартлари орқали ҳалол туризм, ҳалол тиббиёт, ҳаттоки ҳалол тўқимачилик  янада ривожланади. Мазкур Фармон ва қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспортёрларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятилиги яна бир бор кўрсатувда таъкидлаб ўтилди.