2016 йил фаолият якунлари

2017 йил 20 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2016 йил фаолият якунлари ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да фаолият йўналишларининг устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппарати раҳбарлари иштирок этди.

Мажлисда қайд этилишича, ҳисобот йилида Федерация, унинг ҳудудий тузилмалари ва туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 9908 та ёзма, оғзаки (1091 рақамли ишонч телефони) ва электрон мурожаат (ариза, таклиф ва шикоятлар) келиб тушди. Ушбу шикоят ва аризаларнинг 9222 таси, яъни 93,1 фоизи ижобий ҳал этилди ва етказилган 3 миллиард 860 миллион сўмдан ортиқ зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Мурожаатларнинг 2863 таси (жами аризаларнинг 28,9 фоизи) табиий газ таъминоти, 2343 таси (23,6 фоиз) савдо, 1526 таси (15,4 фоиз) электр таъминоти, 335 таси (3,4 фоиз) коммунал хизмат кўрсатиш, 308 таси (3,1 фоиз) сув таъминоти, 156 таси (1,6фоиз)транспорт, 185 таси (1,9 фоиз) алоқа, 162 таси (1,6 фоиз)соғлиқни сақлашва 2030 таси (20,5 фоиз) бошқа соҳаларга  мансубдир.

Истеъмолчи фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишни самарали ташкил этиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида Федерациянинг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Ариза, таклиф ва шикоятлар унинг www.istemol.uz  веб сайти орқали онлайн режимда қабул қилинмоқда.

Шунингдек, мурожаатларни Федерация тизимидаги 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали тўғридан тўғри йўллаш имконияти ҳам мавжуд. Бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатлари тезкор қабул қилиниб, ижро учун Федерациянинг ҳудудий бирлашмалари ва тегишли назорат қилувчи органларга юборилмоқда, истеъмолчиларга, амалдаги қонунчиликка асосан, ваколат доирасида тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Федерация истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида тегишли вазирлик ва назорат қилувчи органлар билан бирга аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ҳам тегишли дастурлар ишлаб чиқиб, амалга ошириб келмоқда.

Шунингдек, 2016 йилда Федерация ва унинг қуйи тузилмалари таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда қонунлар тарғиботига қаратилган  мавзуларга бағишланган  7 500 га яқин ўқув-семинари ва давра суҳбати ўтказди.

Ташкил этилаётган маърифий тадбирлар таъсирчанлигини янада ошириш ва“Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан белгилаб берилганвазифаларни бажариш мақсадида “Юксак истеъмол маданияти сари”шиори остида “Ўйинчоқларнинг сифати ва хавфсизлиги” ва “Ўқув қуролларининг сифати ва хавфсизлиги” мавзуларида рисолалар, шунингдек,  тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Электр энергияси таъминоти: истеъмолчи ва таъминотчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Темирйўл транспортидан фойдаланишда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари” мавзуларидаги тарғибот воситалари (плакатлар) Федерация ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўпминг нусхада нашр этилди ва тарқатилди.

 

Ҳисобот даврида телевидение, радио, матбуот  ва интернет нашрларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қилиш, аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш, истеъмолнинг рационал моделларини шакллантиришга ёрдамлашиш, бу борада Федерация ва унинг қуйи тузилмалари амалга ошираётган ишлар хусусида 7000 га яқин ортиқ кўрсатув ва эшиттириш берилди ва мақола тайёрлаб чоп этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” телеканали билан ҳамкорликда ички истеъмол бозорида истеъмолга яроқсиз, инсон ҳаётига хавф солувчи  маҳсулотлар сотилиши олдини олиш мақсадида “Сифат назорати” кўрсатуви тайёрланиб, эфирга узатилмоқда. Федерация ва ҳудудий тузилмалари фаолияти унинг www.istemol.uz сайтида ҳам мунтазам ёритиб борилмоқда.

Ҳисобот даврида Федерация муҳим ижтимоий соҳаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши билан боғлиқ ижтимоий сўровномалар ўтказди ва уларда 51 500 нафар истеъмолчи (респондент) иштирок этиб, ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Ушбу сўровномалар натижаларига кўра аниқланган муаммо ва камчиликлар ҳақидаги маълумотлар чора кўриб, бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва тегишли назорат органларига тақдим этилди.

Федерация истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида хорижий мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан тажриба алмашиш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳам кенгайтирмоқда.

Ҳисобот йилида Федерациянинг масъул ходимлари Германиянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги – GIZ Ўзбекистонда амалга ошираётган молиявий саводхонлик ва коммуникациялар бўйича лойиҳаси доирасида ушбу мамлакат тажрибаси билан яқиндан танишиш мақсадида у ерга хизмат сафарига бориб, тажриба алмашиб қайтди.  Шунингдек,  Ҳиндистон, Озарбойжон  истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланиб, улар доирасида ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2016 йилда Федерация марказий ижро этувчи аппарати ҳузурида чорвачилик билан шуғулланиш ва унинг маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган “Protect Consumers” ҳамда ноширликка ихтисослашган “Iste’mol madaniyati” газетаси таҳририяти масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди ҳамда 11 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, Федерация ҳузурида “Loyihalash, ekspertiza, va baholash” шўъба корхонаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Йиғилишда Федерациянинг 2016 йил фаолияти танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Федерациянинг барча ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари ҳузурида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарини ташкил этиш, шунингдек, фаолиятни бугунги замон талаблари асосида такомиллаштириш, аҳоли (истеъмолчилар) билан доимий мулоқот қилиш, мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Федерация Матбуот ва ахборот бўлими