«Bo’stonliq Protect Consumer» МЧЖнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида зотдор қуёнлар етиштиришга ихтисослашган «Bostonliq Protect Consumer» масъулияти чекланган жамиятнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги корхонани очиш ташаббускори ҳам, таъсисчиси ҳам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясидир.

Федерация шу тариқа тадбиркорликни қўллаб-қуватлашга, аҳоли учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ жойларда, айниқса, ёшлар учун янги иш жойлари яратишга ҳисса қўшмоқда.

Федерация тизимида ушбу мақсадларни амалга ошириш ва моддий-техника базани мустаҳкамлаш учун кичик бизенс ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хусусан, масъулияти чеклаган жамиятлар  ташкил этилди. Паркент туманидаги қорамол етиштиришга истисослашган «Consumer protect» МЧЖ, Қашқадарё вилояти  Камаши туманидаги «Hisor protect consumer» МЧЖ ва Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги «Surxon protect consumer» МЧЖни мисол қилиб келтириш мумкин. Кейинги икки МЧЖда мос равишда зотдор қўй ва эчки етиштирилмоқда.

Айни пайтда ушбу МЧЖларда биноларни қуриш, махсус ускуналар олиб келиш, ишчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Масалан, «Surxon protect consumer» МЧЖ ихтиёрида зарур бинолар баробарида 28 гектар ер, жумладан, 5 гектар суғориладиган ер бор. У ерда ишчилар боқилаётган эчкилар учун озуқабоп экинлар етиштирмоқда.

Янги ташкил этилаётган «Bo’stonliq Protect Consumer» фермер хўжалигига Янги Зеландия зотдор қуёнлари олиб келинди. Лойиҳани амалга оширишда бир неча ижтимоий йўналишларни қамраб олиш назарда тутилган. Биринчидан, корхонада В, РР, А, Е гуруҳига кирувчи С витаминларига бой сифатли парҳез гўшт ишлаб чиқарилади. Бундай гўшт таркибида инсон саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган минераллар, темир, кобольт, фтор, фосфор, калий, марганец, никотин кислотаси ва лецитин моддалари бор. Иккинчидан, ушбу жониворларнинг енгил ва юмшоқ терисига талаб жуда катта.

Ҳозирча фермер хўжалигида юзга яқин қуён боқилади, аммо келгусида қуёнчиликни ривожлантириш, махсус ускуна олиб келиш, қуёнлар сонини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида кейинги икки йилда амалга оширилган ишлар натижасида 60 та иш ўрни яратилди, маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди. Федерация ушбу ташаббусни яна давом эттириб, қишлоқ аҳолиси учун қўшимча иш жойлари яратишни режалаштирмоқда.

Ўз навбатида ушбу саъй-ҳаракатлар федерациянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Маълумки, федерациянинг асосий фаолияти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Шу мақсадда унинг марказий ижроия аппарати ва тизимига кирувчи бирлашма ва жамиятлар ходимлари кўп ишларни амалга оширмоқда. Масалан, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида федерациянинг барча тузилмаларида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари  йўлга қўйилди. Ушбу маслаҳатхоналарнинг малакали мутахассислари истеъмолчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтаради, баҳсли вазиятларда қандай йўл тутиш борасида маслаҳат беради. Йил бошидан бери ушбу маслаҳатхоналарга 4 225 киши мурожаат қилди.
3 125 ҳолатда фуқароларга қонун бўйича қандай йўл тутиш лозимлиги тушунтирилди, 515 ҳолатда материаллар давлат ва назорат органларига топширилди, 100 ҳолатда эса суд идораларига мурожаат қилиш маслаҳат берилди.

Йил бошидан бери Федерация ва унинг қуйи тузилмаларига 9186 киши табиий газ, электр энергияси, сув таъминотидаги камчиликлар, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар, айрим виждонсиз ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар устидан шикоят ва ҳк. билан мурожаат қилди. Одатда аксарият нуқсонлар жойида ҳал этилади, алоҳида тушунтириш талаб этиладиган муаммолар эса маҳаллий ҳокимият идораларига юборилади.

Федерация марказий аппарати ва тузилмалари раҳбарияти узоқ қишлоқлар аҳолиси билан учрашиб, улар оғирини енгиллаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ўша қишлоқларда нафақат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қолаверса, бошқа соҳаларга оид шикоятларни ҳам эшитишга тўғри келмоқда. Ушбу шикоятлар тегишли ҳокимликлар ва идораларга жамоатчилик назорати доирасида етказилмоқда.

Бунақа ишлар судга оширилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Масалан, жорий йилда фуқароларнинг суд идораларига қилган
165 мурожаати ижобий ечим топди. Йил бошидан бери истеъмолчиларга етказилган 226 млн. сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Албатта суд аралашувини талаб қилмайдиган ва маҳаллий ташкилотлар даражасида ечиладиган муаммолар ҳам бор. Масалан, истеъмолчилдар ҳуқуқларини ҳимоясига дахлдор 292 та қонунбузарлик ҳолати бўйича ишлар назорат органларига топширилди. Натижада истеъмолчиларга 100 млн. сўмдан ортиқ зарар ундириб берилди.