Андижон вилояти. Инсон манфаатлари доимо эътиборда

2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182- сонли қарори ижроси юзасидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий комплекс жадал ривожлантириш, аҳолини турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Асака туман жамияти 1- ва 5- секторларга бириктирилди ва туман хокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда иш бошлади. Хусусан, Асака тумани  маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаролардан ичимлик суви ва ички йўлларни асфальтлаш бўйича билдирилган мурожаатларга асосан ички йўллар грейдр ёрдамида текисланиб, шағал ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. Шағалдан сўнг асфальт босиш ишлари бошланади. Ичимлик суви бўйича  тушган эътирозлар ҳам ўз вақтида ечим топмоқда. Хомий ташкилотлар томонидан қудуқ қазиш бўйича маблағ ажратилиб, сув қудуғи қазиш бўйича лойиҳа-сметалар тайёрланиб, кавлаш ишлари октябрь ойида бошланиши белгиланди.

Бундан ташқари, кам таъминланган фуқаролар Дилшодбек Содиқов ва НодирахонТурдиеваларга бир бошдан қорамол берилди. Фуқаро Собиржон Тўйчиевга эса ногиронлик аравачаси тақдим этилди. “Бирлик” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида яшовчи фуқароларни бир неча йилдан буён электр энергияси бўйича қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида, ушбу маҳаллага янги кўп қувватли трансформатор ўрнатилди. Барча фуқаролар мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Асака туман жамияти томонидан  мамлакат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан 5- сектордаги 100 ёшли фуқаролар Мастура Хамидуллина (1914 йил), Турғуной Нурматова (1917 йил)лар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилди. Соғликларини тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича шифокорлар билан уйларига борилди. “Бирлик” махалла фуқаро йиғинида истиқомат қилувчи якка-ёлғиз она Махфуза  Маҳмудованинг мурожаатига асосан, ўғли 2008 йилда туғилган Камронбек Маҳмудовга кийим-бош ва мактаб ўқув қуроллари олиб берилди.  “Бобур” МФЙи ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар  Комила Соипова,  Жўравой Маматов, Замира Яқубова, Робияхон Тоштемироваларнинг ҳар бирига Қурбон хайити муносабати билан эллик минг сўмдан пул маблағлари ажратилиб берилди. Кам таъминланган ногирон фуқаро  Акромбек Абдулазизовга қўлтиқ таёқ берилди. Кўп йилларан бери ишлаб, нафақага чиққан 16 нафар нуронийга байрам арафаси муносабати билан байрам табриги ёзилиб, улар ҳолидан ҳабар олинди.