Yangiliklar

Истеъмолчига сотилган эски телевизор машмашаси

Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Е.К шаҳардаги 8-кичик ноҳия ҳудудида жойлашган маиший техника дўконларидан биридан “SAMSUNG”-40 русумли телевизорни икки  миллион бир юз олтмиш беш минг сўмга сотиб олган. Истеъмолчига телевизорга тегишли бўлган техник хужжатлар топширилмаган. Бир оз муддатда маҳсулот яроқсиз холга келган. Шундан сўнг, истеъмолчи телевизорни Чирчиқ шаҳрида жойлашган “SAMSUNG-ЦЕНТР” га олиб борган. Мутахассислар телевизор сотувдан олдин 2017 йил 17 август куни таъмирланганлигини айтиб, истеъмолчининг кафолат бўйича телевизорни таъмирлаб бериш тўғрисидаги талабини рад этганлар. Истеъмолчи бу ҳақида бир неча марта дўкон сотувчиларига мурожаат қилган, аммо улардан қониқарли жавоб олмаган, барча талаблари рад этилган. Истеъмолчи янги телевизор ўрнига олдин бировларга сотилган, кейинчалик таъмирланган,  ишлатилган телевизор сотилган деб гумон қилиб, Чирчиқ шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.     Жамият ходимлари ушбу муроаажтни атрофлича ўрганиб чиқиб истеъмолчининг ҳуқуқлари чиндан поймол бўлганлигини аниқлашди.

 Дўкон эгасига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тушунтириш ишлари олиб борилди. Иш якунида  истеъмолчига “SAMSUNG” яроқсиз телевизори барча техник ҳужжатлари билан янгисига алмаштириб берилди.