Yangiliklar

Келажак учун қўйилаётган дадил қадамлар…

Бугун жамият ривожи, юртнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган раҳбар борки, ўз фаолияти давомида янги стартапларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Шу маънода Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳам республикамизнинг 45 та туманида “Истеъмолчи кутубхонаси” барпо этиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад юртимизнинг энг чекка ҳудудларида камолга етаётган ёшларни қалбига илм нурини олиб кириш, бугун янгидан нашр этилаётган адабиётларни “Истемолчи кутубхонаси”га етказиш орқали ёш авлод онг-у, шуурида юксак мақсадларга ишонч ҳиссини тарбиялашдир. “Нотиқлик санъати” академияси томонидан ташкил этилган “Тақдиримсан, тарихимсан ва келажагимсан, она тилим!” мавзуидаги номинация ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда узоқ йиллардан буён ёшларни она тилимизга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўзбек тилини халқаро майдонда тарғиб қилишда фаол, тил тараққиётига ҳисса қўшаётган, юксак нотиқлик маҳорати ила ислоҳотларни халқимиз орасида кенг етказиб бераётган бир гуруҳ жамоат арбоблари, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар тақдирланди.

Улар орасида Акмал Саидов, Шерзод Қудратхўжаев, Ҳосият Рустамова, Жаҳонгир Саримсоқов, Нажот Нур, Хушнуд Худойбердиев каби бир қанча давлат ва жамоат арбоблари, депутатлар, нотиқлар,ҳуқуқшунослар, журналистлар бор. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳам китобхонликни кенг тарғиб этиш орқали ёшларимизда она-тилимизга бўлган меҳрни, ватанпарварликни руҳини ошириш борасида қилаётган эзгу ишлари учун тақдирланди. Фидоий инсонлар учун қилаётган саъй-ҳаракатларига рағбат ва эҳтиромдан кўра, унинг натижаси муҳимроқ.

Истеъмолчи кутубхоналарининг очилиш маросимларида иштирок этган инсон борки, олис туманларимизда вояга етаётган йигит-қизларнинг яна бир илм масканига эга бўлишаётганидан мамнунлигини кўриб, қалблари ўзгача қувончга тўлмоқда. Офтоб нурларида қорайган юзларда бахт порлаётганини меҳнатда тобланган қўлларда энг сара асарларни кўриб, эртага шу болалар Ўзбекистоннинг тақдирини яратишига ишонч ҳосил қиласан. Демак, Федерация раиси учун ҳам энг олий мақсад ўз она-тилини жондек севувчи, Ватанига, ота-онасига хизмат қиладиган ўғил-қизларни тарбиялашдек эзгу ишга ҳисса қўшишдир. Зеро, ўтаётган ҳар бир кунда қилаётган ишларимиз, амалга ошаётган мақсадларимиз инсонларнинг ҳаёти яхшиланиши учун, ёшларнинг ёруғ келажаги учун хизмат қилиши лозим!