Yangiliklar

Китоб ўқимаган кимса, маънавиятсиз ва ғурурсиз жонга айланади

– Китобнинг ноёб-антиқа ва муқаддас бир бойликка айланиб қолаётгани қизиқ, ваҳоланки у токчаларда олиб қўядиган сувенир эмас, балки бизнинг кундалик маънавий истеъмол воситамизга айланиши керак. Ҳар куни қорин ғамида қанча таом есак, тафаккур чанқоғини ҳам китоб орқали тўйинтириб боришимиз керак. Минг афсуски, ўтган 27 йилда мувозанат бузилди, илмни ўлдирдик, муаллиф хор бўлди, ёзувчи ва шоирлар кўчада қолди, мислсиз хатога қўл уриб – имлони яна бир бор ўзгартириб, кўринмас маънавий бўстонимизни Орол денгизидай саҳролаштирдик, унинг шўри кўп зиёд келтирмоқда, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов биз билан суҳбатда. – Қорин тўймаса инсон организми хасталанса, маънавий очлик бутун жамиятни касаллантиради, давлатнинг мафкуравий иммунитетини ўлдиради. Ожиз ва азон туйнугидек ўйилиб кетган миллий мафкуравий қобиқ эса оддий масала эмас, балки эл-юрт келажак тақдири ва давлат хавфсизлигига дахлдор ўта жиддий муаммодир. Эътибор беринг, миллионлаб долларга уй қураётган айрим бойларнинг уйида тўртта китоб топилмаслиги аянчли. Бугун маънавиятли миллионерларни топиш амри маҳол бўлиб қолди. Сон-саноқсиз супермаркетлар, гипермаркетлар, турли савдо тармоқлари, бозорлар очаяпмизу, бир бурчагида биттагина китоб дўкони йўқ.
photo5327875603652783054.jpg
– Бу бир кунда бўлиб қолгани йўқ-ку…
– Собиқ Иттифоқ даврида қурилган минг-минглаб маҳалла кутубхоналарини аввал китоб фондидаги жаҳоннинг ва миллий дурдона асарларни аввал маънан эскирган тамғаси остида қатордан чиқариб, қоғоздан пул қилиб юрган макалатурачиларга топширдик. Кейин эса кутубхоналарни ахборот-ресурс марказларига айлантириш баҳонасида йўқ қилиб юбордик. Китоб ўқимаган авлоддан кўра ваҳшийроқ ва қўрқинчлироқ ёшлар бўлмайди. Бугун кўриб гувоҳи бўлиб турганимиздек, айиқнику дўппослаб ўлдириб, ит ёки мушукни тириклайин ёқиб юборса, эртага одамни ҳам катта кўчада пичоқлашдан тоймайди. Уларнинг иродасизлиги суицидларга бошлайди, ака укани, бола отани ўлдиради, хотин эрини пичоқласа, қизлар номусини-виждонини ҳеч иккиланмай сотади, ўқимаган ёшлар иш излаб муҳожирга, тирик қулга айланади. Уларнинг ишида унум, амалида бир барака бўлмайди. Мен айнан китоб ўқимаслик сабабли юзага келган маънавий жарлик сабабли ажралишлар фожиавий даражада кўпайди, деб ҳисоблайман.
photo5325518151938584180.jpg
Хўп бўлган иш бўлди. Энди нима қилиш керак. Бунча кўп кутубхонани ҳамонки бюджетдан сақлаб туриш имконсиз экан, замонга қараб ишлаш, ҳар бир маҳаллада бир китоб дўкони керак. Тўғри, аввалига иш унча юришмас, аммо канцелярия моллари, ўқув жиҳозлари сотиб ҳам зарарсиз чиқиш мумкин. Дейлик, 10 мингта китоб дўкони бўлса, уларга нашриёт чиқараётган китоблардан биттадан нашр етиб борса ҳам, ҳар бир китоб 20 минг нусхада чоп этилади, деганидир. Ахир айтинг, ҳозир қайси китоб 20 минг чиқаяпти?
Масалан, Президент Шавкат Мирзиёвнинг “Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади” 3-том китоби 10 минг нусхада чоп этилди. 34 миллионга яқинлашиб қолган халқ учун бу ниҳоятда кам эмасми? Бу дегани Президентнинг китоби ҳар бир мактабга биттадан етиб бормади, дегани. Таълим муассасаларини қўя туринг ваҳоланки, бу каби дастуриламал ва стратегиямизни асоси бўлган нашрлар ҳар бир ташкилот ва муассасада ҳам албатта, бўлиши керак. Молия вазирлиги бюджет параметрларини белгилашда бундай китобларни етказиб беришни албатта, молиялаштириши шарт.
Ваҳоланки, биз шунча йил фақат сиртига кўпроқ урғу бердик, аммо мазмун доим охирги “план”га қолиб кетди. Ҳисобласангиз бу қурилган ва бугун кутилган самарани бермаган коллежлар пулига миллиардлаб китоблар чиқариш, муаллиф, хусусан ёзувчи-шоирларнинг минглаб янги тўлқинини ҳосил қилиш мумкин эди.
photo5325518151938584174.jpg
Ўрганишларимиздан кўрдикки, бозорда сифатли китобларга эҳтиёж ниҳоятда катта. Боз устига хориждан ҳам жуда кўплаб китоблар кириб келмоқда, уларни ўзимизда “маҳаллийлаштириш” мумкин эмасми? Балки давлат божхона қўмитаси маъмурлари китоб импорти ҳажмлари ҳақида ойдинлик киритар.
Муаллиф-нашриёт-тарқатиш-сотиш механизмидаги тарқатиш-сотиш қисми фалажланган ва уни даволаш керак. Чалажон муаллиф ва нашриёт тизими эса яшаб қолиш учун ҳар қандай ҳаракатни қилиб ётибдики, кейинги икки тизим ишламаса буни ҳам бир куни муқаррар йўқотамиз, яхши муаллифлар аллақачон тансиқ бўлиб қолди. Бундай шароитда қани, замонавий Абдулла Орифлар, Эркин Воҳидов ва Ўткир Ҳошимовлар деб савол қўйиш мутлақо ўринсиздир.
– Хўп, cоҳа ўнгланишга ишонч борми?
– Ишонч ҳам, шукрки, интилиш ҳам бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун маърифий сиёсат олиб бораяпти. Китобхонлик маданияти ва китоб савдосини ривожлантириш бўйича бир неча қарорлар чиқариб бердилар. Энг асосийси ўзлари ўрнак бўлаяптилар. Энди олимларга ва илмий жамоага, олимларга кўрсатилаётган юксак муносабат алоҳида эҳтиромга лойиқ. Зиёлилар эса илмга қайта бошлагани ҳам факт.
Мен яқинда Бирлашган Араб Амирликлари элчиси билан учрашганимда “Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ришталарини маънавият ёғдуси билан алангалатишдек қобилиятини кўриб очиғи, ҳайратда қолаяпмиз”, деган пурмаъно фикрни айтган эди.
Ҳақиқатдан ҳам Юртбошимизнинг хорижий давлатлар раҳбарларига китоблар туҳфа қилиш амалиёти энди ҳаётимизга, катта-кичик мулозимлар иш услубига кўчди ҳамда бутун халқимиз орасида яхши урфга айланди. Бу китобхонлик ва китоб тарғиботининг рағбатлантиришнинг фавқулодда нодир бир амалиётики уни барчамиз қадрлашимиз лозим.
Зотан, Раҳбаримизнинг фарзандлари ҳам бирор бир молиявий бақувват, тўлиб тошиб турган жойларга эмас, айнан оқсаб турган ижтимоий соҳаларда, айниқса ахборот, маърифат тарғиботи ва таълим-тарбия билан боғлиқ йўналишларда фаолият кўрсатаётгани моҳиятини тушунган одам тушунади.
photo5325518151938584173.jpg
– Майли, бу айтган танқиду таҳлилларингиз жуда яхши. Аммо федерациянинг китобхонлик тарғиботи борасида аниқ лойиҳалари борми?
– Ҳали айтганимдек, китоб, у қандай шаклда бўлишидан қатъий назар, бу аввало кундалик маънавий эҳтиёжни қондирувчи воситага айланиши керак.
Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш учун биз ўтган йили жиддий бир лойиҳа устида иш бошлаган эдик ва жорий йилдан уни бажаришга киришдик. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида давлат ва хусусий шериклик тамойили асосида “Истеъмолчилар кутубхоналари”ни оча бошладик. 2022 йилгача уни ниҳоясига етказишни ва йилига уч ярим миллион аҳолини қамраб олишни мўлжаллаб турибмиз. Бундай масканлар халқимиз учун бирданига учта қулайлик беради, биринчидан улар китоб дўконлари бўлади, иккинчидан кутубхона вазифасини ўтайди. Учинчидан эса, истеъмолчилик маданиятини ошириш учун ўзига хос ҳуқуқий тарғибот-маслаҳат гўшасига айланади.
Яъни бу ерда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, кодекслар ҳамда кодекслар тўплами, шарҳлар, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари ва бошқа юридик адабиётлар, Президент асарлари, турли энциклопедиялар етказиб беришга устувор аҳамият қаратилади. Бундан ташқари, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган газета-журналлар ўқувчиларга тақдим этилади.
Замонавий “Book cafe” ва бепул “WiFi” тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмалари билан таъминлаш назарда тутилган. Шунингдек, дўконда китобларни ўқиб чиқиш учун “ижарага бериш” тизими ҳам йўлга қўйилмоқда.
– Ҳозиргача нечта Истеъмолчилар кутубхонаси очилди?
– Илк қалдирғочимиз шу йил 4 майда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида очилди. Кутубхонада “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг ғолиби Шарофат Исмоилова фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари Фарғонанинг Риштон ва Бағдод туманларида, Сурхондарё вилоятининг Шарғун шаҳарчасида қуриб фойдаланишга топширилди. Қисқа фурсат ичида бу гўшаларга 50 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари фойдалангани бизни қувонтиради, албатта.
photo5325518151938584168.jpg
Яқинлашиб келаётган Конституция байрами арафасида Фарғона тумани ва шаҳрида, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Сурхондарёнинг Узун ва Бойсун, Хоразм вилоятининг Янгибозор туманларида ҳам “Истеъмолчи кутубхонаси” фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Йил якунларига қадар республикамиз бўйича “Истеъмолчи кутубхонаси” сонини 47 тага етказишни ният қилиб турибмиз. Бу ишларга кўрсатаётган эътибори ва рағбати, моддий кўмаги учун вилоятлар, айниқса Сурхондарё, Андижон, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Навоий ҳокимларига алоҳида эътибори учун миннатдорлик билдириб қўйишим керак.
Қани энди ҳар бир маҳаллада ҳам оча олсак-ку ажойиб иш бўларди. Аммо бунга имконимиз йўқ. Шу сабабли туман ва шаҳар истеъмолчилар кутубхоналарини кейинчалик бир пайтнинг ўзида электрон буюртмалар асосида китобларни жойигача етказиб бериш марказига айлантирамиз ва оёқ-қўли чаққон ёшларимиз китобларни сўралган манзилларга қадар етказиб бера бошлайди. Алоҳида дастурчи ёшларимиз эса интернетдаги турли ижтимоий тармоқлар, смартфонлар учун электрон китобларни бепул тарқатиш билан шуғулланади. Бу орқали камида 2 минг янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Умуман олганда, яқин истиқболда ноширлик тармоғи, китоб савдоси хусусий ва чет эл инвестиция кирадиган аҳолининг ривожланаётган истеъмол бозорининг ажралмас қисмига айланиши керак. Токи, тармоқ хорижий давлатларга ҳам китобларни экспорт қилиш салоҳиятига қадар юксалсин.
Шерали ОТАБОЕВ, ЎзА