Yangiliklar

“Музлаган” музлатгич ёхуд “йўқ, дедим тутилдим, хўп, дедим қутулдим” усули ўтмади

Инсон зоти борки, доим яхши яшашга интилади. Пайариқлик В.Х ҳам оғирини енгил бўлишини, маҳсулотлари сифатли сақланишини ният қилиб, Челак шаҳрида жойлашган дўконларнинг биридан музлатгич ва кир ювиш машинасини сотиб олди.
Буни қарангки, кимнингдир айби билан сифатсиз ҳолатда сотувга чиқариб юборилган музлатгич В.Х.га насиб қилди. Ана шундан кейин оворагарчилик бошланди.
Музлатгич носоз чиққанлигини эшитган савдо маркази ходимлари харидорга эътибор қаратмади. Эмишки, уларнинг мижозлари “ҳеч қачон бу даргоҳдан норизо бўлиб кетмаган”.
В.Х.нинг қатъий туриб олганлиги сабаб дўкон мудири музлатгичнинг пулини қайтаришни ёки сифатлисига алмаштириб беришни “ваъда қилди”.
Ўз наздида “йўқ, дедим тутилдим, хўп, дедим қутулдим”.
Орадан икки ой ўтса ҳамки, на пулдан, на сифатли музлатгичдан дарак бор.
Пайариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан истеъмолчининг мурожаати ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари ҳақида савдо мажмуаси ходимларига тушунча берилди.
Натижада В.Х.нинг талабига кўра, Челак шаҳридаги “IDEAL” савдо марказидан 3 500 000 (уч миллион беш юз минг) сўм истеъмолчига ундириб берилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси