Yangiliklar

Тиббиёт ходимининг истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқи ҳимоя қилинди

Фарғона шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирида меҳнат фаолият олиб бораётган Г.Шарапова соҳада узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган шифокорлардан. Қўни-қўшни, таниш-билишлари уйларига ўрнаттирган замонавий эшик ва ромларга ҳавас қилган шифокор ҳам уйига акфа эшик-ром ўрнаттириш илинжида “Гарант мебель” МЧЖ билан шартнома тузади. Шартномада кўрсатилган 16 млн (ўн олти миллион) сўмни ҳам вақтида тўлаб беради. Эшик-ромлар ўрнатилиб, ундан фойдаланиш жараёнида эса …
Қўйингки, орадан маълум вақт ўтиб, камчиликлар бўй кўрсата бошлайди. Эшик ва ромлар деформация бўлиб, токчалар жилган, оралари очилган, ёмғирли кунларда орасидан сув ҳам ўтган. Истеъмолчи бу ҳақда масъулияти чекланган жамият масъулларига ўз эътирозларини билдириб бир неча бор мурожаат қилади. Мурожаатлардан эса натижа чиқмайди. Шундан сўнг у Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Истеъмолчининг мурожаатини ўрганиш жараёнида, муаммоларни келиб чиқишига хонадонга ўрнатилган эшик-ромлар белгиланган тартибларга эътиборсизлик билан қараб ўрнатилиши, ишларни сифатсиз бажарилиши натижасида келиб чиққанлиги қайд қилинди. Жамият мутахассислари томонидан МЧЖ ходимларига “Истеъмолчилар хуқуқларини химоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Натижада хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан эшик-ромлар амалдаги талабларга жавоб берадиган даражада таъмирлаб берилди.

Шермурод Охунов
Фарғона шахар жамияти бош мутахассиси