Yangiliklar

Томди туманида ҳам ”Истеъмолчи кутубхонаси” барпо этилади

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамда Навоий вилояти, Томди туман ҳокими Қайрат Алдабергенов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.Федерация раиси ва туман ҳокими Федерация томонидан Томди туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусида ушбу йўналишда қилиниши зарур бўлган режалар хусусида, шунингдек, “Истеъмолчи кутубхонаси“нинг қурилиши юзасидан фикр алмашишди.

Томди тумани аҳолисини истеъмолчи сифатида қийнаётган муаммолар самимий учрашув давомида қизғин муҳокама этилди. Вилоят маркази Навоий шаҳридан бир неча чақирим олисда бўлган Томди тумани аҳолиси, жумладан ёшларнинг билим олиши учун шароит яратиш мақсадида “Истеъмолчи кутубхонасини” Томди туманида ҳам қуриш таклифини Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов учрашув давомида илгари сурди. Туман ҳокими Қайрат Алдабергеновнинг ушбу таклифни қўллаб-қувватлаши эса томдиликлар учун барча шароитларга эга илм маскани қурилишига асос бўлади. Зеро ҳар бир туман раҳбари бугун қиладиган эзгу ишлари йиллар давомида инсонлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоғи лозим.

Учрашув давомида туман ҳокими Федерация ташаббусларини қўллаб-қувватлади ва фуқароларнинг истеъмолчилик маданиятини ошириш юзасидан амалга ошириладиган барча лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.