Yangiliklar

Уй-жой сотиб олиш машмашаси: Янги уй учун тўланган 13 200 000 сўм маблағ истеъмолчига қайтарилди

Ҳар бир фуқаро ўзининг шинам, барча қулайликларга эга бўлган, замонавий бошпанаси бўлишини орзу қилади. Аммо бундай уйга эга бўлиш осон эмас, албатта.
Бугунги кунда фуқароларнинг уй-жой харид қилиш ишларида алдовларга дуч келиб қолиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Яқинда фуқаро М.Исоқов (исм ўзгартирилган) ва “Сурат” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси ўртасида келиб чиққан ана шундай муаммоли вазиятга Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ойдинлик киритди.
Халқимизда “Яхши ният ярим давлат” деган мақол бор. Фуқаро М.Исоқов замонавий лойиҳалар асосида қурилаётган бинода яшаш илинжида уй сотиб олишни ният қилиб, тегишли тартибдаги рухсатномани қўлга киритди. Самарқанд шаҳар, “Рудакий” кўчаси, 105-уйда қурилиш ишларини олиб бораётган “Сурат” хусусий корхонаси билан тегишли тартибда олди-сотди шартномасини имзолади.
2017 йил 28 март куни имзоланган 216/03-сонли шартнома шартларига асосан “Сурат” хусусий корхонаси уйни истеъмолчига 2017 йилнинг 3 чорагида топшириш лозим бўлган. Аммо орадан икки йил ўтса ҳамки, турар жой қурилиши ниҳоясига етказилмаган. Кутишдан чарчаган М.Исоқов Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини тиклаб беришни сўраб ариза билан мурожаат қилган. Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масалага ойдинлик киритиш мақсадида муаммони ваколат доирасида ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро М.Исоқов ва “Сурат” ХК ўртасида тузилган шартноманинг шартлари бузилганлиги аниқланди. Шундан сўнг истеъмолчининг талаби билан Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти муаммони холислик билан ҳал этишини сўраб, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризасини киритади.
Натижада, даъвогар Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаро М.Исоқовнинг манфаатини кўзлаб жавобгар “Сурат” хусусий корхонасига нисбатан уй-жойни топшириш мажбуриятини юклаш ва пеня ундириш талаби қисман бўлса-да, қондирилди. Жавобгар “Сурат” хусусий корхонаси ҳисобидан фуқаро Муҳриддин Исоқовга 13 200 000 (ўн уч миллион икки юз минг) сўм ундириб бериладиган бўлди.
Бир тарафдан муаммога шу билан якун ясалгандек, аммо М.Исоқовга ўхшаган фуқаролар республика миқёсида камми? Ёки “Сурат” га корхоналар-чи? Хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасидаги бундай низоли ҳолатларнинг чеки бормикан?
Шерзод Халилов, 
Самарқанд вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини 
ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси бўлим бошлиғи