Федерация. Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари доимо ҳимояда

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, манфаатдор вазирликлар, идоралар, суд  ва ҳуқуқ-тартибот органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёш авлоднинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик, Меҳнат  ва Турар-жой кодекслари, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат  сиёсати тўғрисида”ги 100 дан ортиқ қонун ва бошқа норматив-ҳужжатлар қабул қилингани ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан болалар ва ёшларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг таълим олишга, малакали тиббий хизматга, бандликка бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш, уларнинг хавфсизлигини турли тажовузлар: диний, экстремизм, терроризм ҳамда “оммавий маданият”дан ҳимоя қилиш, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, экологик, тиббий ва ахборот маданиятини юксалтиришга қаратилган самарали механизмларни яратиш мақсадида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда бир қанча норматив  ҳужжатлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ислоҳ қилишда, шу жумладан болалар ва ёшлар ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтининг ташкил этилиши билан болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг давлат, жамоат ва мустақил шаклларини ўзида қамраб оладиган болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизим якуний кўринишга келишини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбирда элликдан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилот вакиллари қаторида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари томонидан ҳам мазкур Омбудсманнинг асосий мақсад ва вазифалари, болалар ҳаётидаги ҳуқуқбузилишларнинг олдини олиш, улардан тушадиган мурожаатлар кўриб чиқиш тартиб-қоидалари борасида соҳага оид фикр-мулоҳазалари ва таклиф-тавсияларини бериб ўтилди. Давра суҳбати сўнггида Ўзбекистон Республикасида болалар  ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда жорий қилиш бўйича Концепция қабул қилинди.