Yangiliklar

​Самолётда фақат пули кўплар юрмайди​… “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га айтилган ва айтилиши лозим бўлган гаплар​

Ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлаётган баҳсларнинг бири – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан ички рейслар учун авиачипта нархларининг ошганлигидир.
Гапни очиғини айтадиган бўлсак, бугунги кунда ички нархлар у даражада чўнтакбоп эмас. Авиачипта нархларининг нима сабабдан ошганлиги ҳақида авиакомпания мутахассислари маълумот берган бўлса-да, аммо керосин билан боғлиқ ҳолат “сабаб” бўла олмайди.
Мамлакатимизда реал ўртача иш ҳақи бир миллион атрофида, буни тан олмасликнинг иложи йўқ.
Энди республикамиз ичида, масалан, Тошкентдан-Қорақалпоғистонгача парвоз этмоқчи бўлсангиз, йўл киранинг ўзига 100 доллардан кўп пулингиз бўлиши керак.
Барчамизга маълумки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ ички ва ташқи рейсларни амалга оширувчи ягона компаниядир.
Кунига минглаб йўловчилар, узоқ ва яқин масофаларга ушбу компания транспортидан фойдаланади. Демак компания аҳоли, истеъмолчилар талабларини ҳам қондириш керак.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси аҳоли билан ижтимоий сўровнома ўтказди. Унга кўра “Ўзбекистон ҳаво йўллари“да хизмат кўрсатиш сифати, нарх-наволари, қулайлик ва муаммолар ҳақида истеъмолчилардан келиб тушган турли мурожаатлар ва таклифларни ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар шуни тасдиқладики, нарх-наводан ташқари авиакомпанияда айрим ноқулайликлар ҳам аниқланди.
М. Т, талаба: – Самолётда фақат пули кўплар юради, деб ўйлаш хато. Ўзим талабаман, асли Нукусда яшайман. Қиш келиши билан такси нархлари ошиб кетади, шунингдек, машинада қайтиш эса ноқулайлик келтириб чиқаради. Биринчидан, йўлда автоҳалокатлар кўп бўлади, иккинчидан темир йўлда қайтиш ҳам ўзига яраша муаммо.
Қиш кунлари, айниқса Янги йилга яқин поездга билет топиш “анқонинг уруғи”. Чунки бундай пайтларда бир ёки икки ой олдин билет олиш керак бўлади. Аммо ўқишимизда қачон дам олиш кунлари аниқ бўлмагунча, биз ҳам билет ололмаймиз. Ноилож билет олмаганимиз учун самолётда кетишимизга тўғри келади. Талабалар учун 50 % чегирмалар эълон қилинса-да, аммо бошқа юртдошларимиз учун чегирмасиз билетлар жуда қиммат. Бир оилани биламан. Отаси касал эди, Нукусда даволата олмагани учун, иложсиз Тошкентга олиб кетиш керак эди. Аммо авиачипта нархи қимматлиги учун, ноилож таксида кетишди. Йўлда касаллик бадтар авж олиб, аҳволи оғирлашган. Бундай ҳолатларни аҳолида жуда кўп учратишимиз мумкин.
– Тошкент Халқаро аэропортининг қўнишлар, келганлар чиқиб кетишлари учун зал очилганида хурсанд бўлдик, – дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Улуғбек Исматов. – Кутадиганларга ёз ва ёмғир-қордан пана жойи бор, лекин совуқдан ҳимоя қиладиган жойи йўқ. Шу айнан томи ёпиқ ҳудудни ойна билан ёпиб қўйса бўлади-ку. Тунги соат 1-2 ларда кўпчиликнинг нолиганини, аксириб, шамоллаганини кўрдим. Совуқ ҳам –3 даражада.
Ҳамиша ҳам самолётлардан пулимиз кўплиги учун парвоз қилмаймиз. Охирги пайтлар бу соҳада янги қарорлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги қулоғимизга чалинганди. Албатта, мамлакатимизда 1999 йил 19 августда янги таҳрирда қабул қилинган “Табиий монополиялар тўғрисида“ги қонун амалда ва ушбу қонуннинг асосий мақсади товар бозорларида табиий монополия субъектларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солишдан, шунингдек, истеъмолчилар, давлат ва табиий монополия субъектлари манфаатларининг мутаносиблигини таъминлашдан иборат.
Ушбу қонундан олдинроқ, яъни 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуннинг 2-моддасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир“, дейилади, яъни “Табиий монополиялар тўғрисида“ги қонун ҳам истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари жумласидандир.
Қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) эса истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган (6-модда).
Ҳақиқатан ҳам, “Табиий монополиялар тўғрисида“ги қонун талабларидан келиб чиқиб, монопол маҳсулот эгаси, яъни “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ миллий авиакомпанияси нархлар (тарифлар)ни ошириш бўйича лойиҳа ваколатли орган томонидан кўриб чиқилгандан сўнг, ушбу органнинг қарорини нархлар оширилишидан 15 кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши (7-модда) ва истеъмолчиларни огоҳлантириши лозим эди.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуннинг 21-моддасига кўра, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Табиий монополия субъекти нархларни ошганлиги тўғрисида ОАВда олдиндан маълумот берилишини таъминлаб бермаслиги натижасида, 21-моддада келтириб ўтилганидек, истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаб қўйиш ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талабларни қўйиш юзага келмоқда, дейиш мумкин.
Шунингдек, авиачипта нархларини оптималлаштириш ва авиакомпаниялар сонини кўпайтириш, соҳада соғлом рақобатни шакллантириш вақти келди.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ хусусида айтилмаган (ва балки айтила олинмайдиган) муаммолар ҳали кўплигини таъкидламай иложимиз йўқ.
Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
етакчи мутахассиси​