Yangiliklar

4.700.000 сўмлик «Смарт» телевизор сифатсиз экан!

«4.700.000 сўм кам пул эмас! Мисқоллаб йиққан пулимга харид қилган телевизорим сифатсиз чиқди. Мени алдаб сотишибди. Истеъмолчи сифатида ҳуқуқларимни ҳимоя қилишингизни сўрайман…» Ушбу мазмунда йўлланган мурожаат муаллифи қандай муаммога дуч келганини кўпчилик англаб улгурган бўлса керак.Фуқаро Д.Камолов оиласига эсда қоларли совға харид қилиш мақсадида Бухоро шаҳар Марказий бозорига ташриф буюриб, маиший техника воситалари дўконидан 4.700.000 сўм нақд пул эвазига «LG» ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган смарт телевизор харид қилади. Хариддан мамнун истеъмолчи телевизорни уйга келтириб эътибор билан кузатганида телевизордаги камчиликларни аниқлайди. Бу ҳақида тадбиркорни огоҳлантиришига қарамасдан, ижобий жавоб ололмайди. Энг сўнгги нажотни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясидан умид қилган истеъмолчи мурожаати мазмуни сизга таниш. Юқорида акс этган мурожаат қисқа фурсатда Федерация мутахассиси А.Бобоев томонидан ўрганилди ва тадбиркорга истеъмолчи қонуний хуқуқлари тушунтирилди. Сифатсиз телевизор учун тўланган 4.700.000 сўм тўлов истеъмолчига тўлиқ қайтарилди. Яна бир мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий хал этилди.