ОДАМЛАР ДАРДИ — БИЗНИНГ ДАРДИМИЗ!

Жорий йилнинг 12 февраль куни Навоий вилояти Навбаҳор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбарияти томонидан “Келачи” МФЙ фуқаролари ўртасида мулоқот ўтказилди.

Мулоқотда “Келачи” маҳалласида яшовчи 1962 йилда туғилган, 4 нафар фарзанди бор, кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи фуқаро Норқул Сафаров, шароити оғирлиги сабабли катта ўғлига яшаши учун алоҳида уй қуриб беришда кўп қийинчиликларга учраётганлиги, тегишли жойларга хат орқали мурожат қилганида, мурожаати самарасиз қолаётганлигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраган.

Фуқаронинг яшаш шароити ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатдан ҳам бир фуқаронинг ўзи, ўғлининг оиласи, шунингдек, қизининг турмуш ўртоғи вафот этганлиги сабабли қизи ҳам 2 нафар фарзанди билан бир уйда яшаётганлиги аниқланди.

Мазкур ўрганишлардан сўнг фуқарони қийнаётган масала юзасидан туман ҳокимлигига хат орқали мурожаат қилинди. Туман ҳокимининг қарори билан тумандаги “Дўстлик” жамоа хўжалигидан уй қуриш учун жой ажратиб берилди.

“Келачи” маҳалласида яшовчи 1960 йилда туғилган, фуқаро Жумагул Рўзибоева, уйининг том қисми устидан электр энергияси симлари ўтказилган бўлиб, ёғингарчилик ва намгарчилик пайтида хонадонига киришда эшикдан ток ураётганлиги, бу ҳолат юзасидан туман электр корхонаси масъулларига бир неча бор мурожаат қилинса ҳам бирон чора кўрилмаётганлигидан норозилигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўраган.

Туман жамияти томонидан фуқаро баён қилган ҳолат ўрганиб чиқилди. Мазкур ўрганишлардан сўнг фуқаро мурожаати юзасидан туман электр корхонаси раҳбарига хат орқали мурожаат қилинди ва икки кундан сўнг корхона масъуллари томонидан фуқаронинг томи устидан ўтган симлар олиб ташланиб, одамларга ҳавф солмайдиган жойга ўрнатилди.