Сирдарё вилояти. ИСТЕЪМОЛЧИ НЕГА “ГАЗЧИ”ДАН НОРОЗИ

Гулистон шаҳрини марказдан ажратиб турувчи  темир йўл ортидаги “Маданият”, “Маънавият” ва “Улуғ йўл” маҳаллалари аҳолисининг кўпчилик қисми  хонадонларида газ босими пастлиги, “Гулистон шаҳаргаз” филиали ходимлари – назоратчилари томонидан истеъмолчи хонадонида истеъмол қилган табиий газ учун тўловлари ундирилишида истеъмолчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларини инобатга олмай, узоқ муддатга меъёрий ҳисоб-китоб қилиниб, миллион-миллион сўм боқимандалик қарздорлигини кўрсатиб, далолатнома тузишлари ва мажбурий тартибда суд қарорига биноан қарздорликни ундирилишидан норози бўлган истеъмолчиларнинг жамиятга тақдим этган шикоят, мурожаат ва аризалари юзасидан жамият ходимлари томонидан амалга оширилган ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини амалга ошириш жараёнида қуйидагилар аниқланди:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг истеъмолчи – аҳолига етказиб берилаётган табиий газ борасидаги қарорларида қайд этилишича истеъмолчи юқори ўринда туриши белгилаб қўйилган бўлишига қарамай, таъминотчи “Гулистон шаҳаргаз” филиали ходимлари, ҳудуд назоратчилари истеъмолчи – аҳоли хонадонига фақат аҳоли – истеъмолчи томонидан истеъмол қилинган табиий газга  пул ундириш учунгина келиши, аҳолидан олинган нақд пул эвазига истеъмолчига нотаниш бўлган шахсларга тааллуқли пластик карта паттасини тақдим этишлари ҳамда ундирилган тўловларни базага кирим қилмасликлари кузатилди.

Мазкур ҳолатлар, шунингдек “Ўзтрансгаз” акционерлик компаниясининг 30.01.2015 йилдаги тасдиқланган лавозим йўриқномасида худуд участка назоратчисининг хизмат вазифаларига кирувчи  3.4 бандида: — ҳар ойда газ ўлчаш асбобларини кўздан кечириш ва истеъмол қилинган газни ушбу кўрсатгичларга мос келишини текшириш, 3.19 – бандида: — ҳудудда газ ўлчаш асбобларининг техник ҳолатини кўрикдан ўтказиш ва ноқонуний уланишларни аниқлаш  бўйича  кўрсатиб ўтилган талаблар бажарилмаганлиги, назорат ишлари сусайтириб юборилганлиги учун жавобгар шахсларнинг интизомий чораги тортилишини таъминлашни филиал раҳбарияти зиммасига юклаш вазифаси лозимлиги тўғрисидаги  буйруғи  Сирдарё вилоят газ таъминоти бошқармаси аҳоли бўйича мухандиси Ф.Тожибоевнинг ўз бошлиғи А.Хожиматовга  21.12.2015 йилда тақдим этган маълумотномасида ўз тасдиғини топади, лекин ўтган ўн беш ой ичида нима ўзгарди. Ҳеч нима ўзгаргани йўқ, аксинча   “Гулистон шаҳаргаз” филиали ходимларининг бундай содир этган хатти- ҳаракатларидан асосан истеъмолчиларнинг қуйи табақаси:  кам таъминланган, нафақахўр, ногирон фуқаролар жабр кўриб, асоссиз равишда узоқ муддатга меъёрий тартибда миллион-миллион сўмлаб ҳисобланган  боқимандалик қарзларини суднинг қарорига асосан ўз нафақаларидан тўлашга мажбур бўлишмоқда.

“Ўзтрансгаз” акционерлик компанияси директори Т.Жўраевнинг 2013 йил 29 мартдаги “Истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларнинг тузилишини тартибга солиш ва шартномавий интизомни кучайтириш тўғрисида”ги № 389-сон буйруғи ижро учун чиқарилган бўлишига қарамай, “Гулистон шаҳаргаз” филиали томонидан мазкур буйруқ ижроси тўлиқ таъминланмаган бўлиб,  истеъмолчига шартномасиз равишда табиий газ етказиб берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Гулистон шаҳаргаз” филиалида иш интизоми йўқлиги, ҳисоб-китоблар тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, аҳолидан амалдаги қонунларга мос бўлмаган равишда, таъминотчи ходимлари томонидан  мажбурий тартибда боқимандалик қарздорликни ундирилиши натижасида аҳоли – истеъмолчиларнинг шикоятлари кундан-кунга ортиб бормоқда.

Энг қизиғи шундаки,  Гулистон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан “Гулистон шаҳар ҳокими номига “Истеъмолчи томонидан истеъмол қилинган табиий газга нисбатан ҳақиқий қарздорликни аниқлашда” фаолият юритаётган ишчи гуруҳи таркибига жамият ходимларини ҳам бириктириш тўғрисида таклиф киритилди, Гулистон шаҳар ҳокими мазкур таклифни қўллаб-қувватлаб, жамият ходимларини ишчи гуруҳи таркибига киритиш тўғрисида “Гулистон шаҳаргаз” раҳбариятига кўрсатма беришига қарамай, “Гулистон шаҳаргаз” филиали раҳбарияти жамият ходимларини ишчи гуруҳига яқин йўлатмади, бундан кўриниб турибдики, таъминотчи жамият ходимлари истеъмолчи манфаатида иш юритишини назарда тутиб, айрим камчилик ҳолатлари очилишини хоҳламаган.

Шу куннинг ҳолатига Гулистон шаҳар жамияти назоратига олинган, аҳоли – истеъмолчилар томонидан табиий газ масаласида тақдим этган шикоятлари қирқдан ортиқ бўлиб, айримларини ҳал этилган ва мазкур масалада  жамият тегишли давлат назорат идоралари ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.