Фарғона вилояти. Айбсиз айбдорлар

Федерациянинг Фарғона вилояти Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида 35 нафар фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди ва уларнинг фойдасига жами 7381102 сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

Шаҳардаги Б.Марғилоний кўчасида яшовчи фуқаро Наримон Холиқов (барча исм-шарифлар шартли ўзгартирилган) Марғилон шаҳар Телекоммуникациялар боғламаси томонидан кўрсатилаётган сифатсиз хизматлар ва телефон аппарати линияси носозлиги туфайли уч ойдан буён ишламаётгани ва бу ҳақда боғланма маъмуриятига мурожаат қилган бўлса-да, фуқаронинг қонуний талаблари қаноатлантирилмаганлигини айтиб, республика Бош прокуратурасининг “1007” қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган.

Истеъмолчининг шикояти шаҳар ИҲҲҚ жамияти томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганув ишлари давомида фуқаро Наримон Холиқовнинг хонадонида кабель линиялари эскирганлиги натижасида линия носоз ҳолатга етиб келгани маълум бўлди. ИҲҲҚЖ ижро этувчи аппарати ходимлари аралашувидан сўнг аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Бир вақтнинг ўзида Наримон Холиқов яшовчи маҳалладаги телефон линиялари киритилган хонадонлардаги носозликлар ҳам кўриб чиқилиб, улар бартараф этилишига эришилди.