СОТУВЧИ ЎЗ МАЖБУРИЯТИНИ АДО ЭТДИ

Тошлоқ тумани Хўжаариқ маҳалласида яшовчи А.Хасанов Қува тумани Раста буюм бозори ҳудудида савдо фаолияти олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Қ.Б.дан аккумулятор сотиб олади. Ўртада олди-сотди жараёни амалга оширилиб, сотувчи аккумуляторга 1 йиллик кафолат муддати ваъда қилади. Олди-сотди амалга оширилганда 2017 йилнинг ноябрь ойи бўлган. Лекин буни қарангки, кафолат муддати ичида аккумулятор носоз ҳолга келиб қолади. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиб, ўзининг қонуний ҳуқуқини, яъни кафолат муддати ичида нуқсони аниқланган товарни сифатлисига алмаштириб берилишини талаб қилади. Бироқ сотувчи унинг қонуний талабларини бажармайди. Бу ҳолатда қандай йўл тутишни билмаган истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ишонч телефонига мурожаат қилади. Бош прокуратура томонидан мурожаатни ўрганишга Федерация масъул ходимлари жалб қилинади.
Қува тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъул ходимлари томонидан истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида сотувчи билан учрашилди. Суҳбат жараёнида сотувчининг давлат рўйхатидан ўтиб, савдо фаолиятини қонуний асосларда олиб бораётганлиги маълум бўлди. Сотувчи ҳақиқатан ҳам истеъмолчи А.Хасановга 435000 (тўрт юз ўттиз беш минг) сўмга аккумулятор сотганлигини, товарга бир йилга кафолат талони берганлигини тан олди. У истеъмолчига рад жавоб бермаганлигини, балки у билан телефонда гаплашгач, ёдидан кўтарилиб қолганлигини қўшимча қилди. Шундай бўлсада, сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 13-моддаси бўйича истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари, 14-моддаси бўйича нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби ва муддатлари тўғрисида тушунтиришлар берилди. Тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчи нуқсонли товарни сифатлисига алмаштириб бериб, ўзининг истеъмолчи олдидаги мажбуриятини тўлиқ адо этди.