Сурхондарё вилояти. Амалий кўмак берилди

Жорий йилнинг Муҳтарам Президентимиз томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши эътибор ва мурувватга муҳтож юртдошларимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқишида муҳим омил бўлди, десак муболаға бўламайди. Айни жараёнда фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳам ижобий ечим топмоқда. Сурхондарё вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ҳам жойларда аҳоли билан бевосита мулоқотлар ташкил этиб бормоқда. Бунинг асносида мурожаат қилганларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб келинмоқда. Ана шундай аҳоли билан мулоқот жараёнида  Ангор тумани “Навбаҳор” маҳалласи Бобур кўчаси 6-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Насиба Қодирова  соғлиги бўйича яъни қон босимининг пастлиги, бош қисмида оғриқ борлиги, оилавий шароити оғирлигини айтиб МРТ текширувидан ўтказишда амалий ёрдам сўраган эди.  Туман жамияти кўмаги билан ушбу фуқаро Термиз шаҳридаги “Ўтан полвон” диагностика марказида МРТ текширувидан ўтказилди. Шунингдек, кўмак сифатида ушбу оилага етти хазинанинг бири бўлган  товуқ ҳадия қилинди. Кўрсатилган бу эътибордан мамнун бўлган Насиба ая Қодирова юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка шукрона келтирар экан, барча соҳаларда амалга оширилаётган ижобий юксалишлар бардавом бўлишини тилади.