Тошкент шаҳар. “Алнос” МЧЖ пулни қайтаришга мажбур бўлди

Юнусобод тумани 15-мавзе, 41-уй, 36-хонадонда яшовчи фуқаро С.Алманова томонидан туманда фаолият юритаётган “Le marokka” ресторани фаолиятидан норозилиги юзасидан  Юнусобод тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаати келиб тушди. Мурожаатда кўрсатилишича, истеъмолчи ресторан менежери билан оғзаки келишувга кўра 10 июнь куни тадбир ўтказиш учун бир кун олдиндан 1 миллион  30 минг  сўм миқдорда тўловни амалга оширган. Аммо ресторан маъмурияти томонидан  айнан тадбир ўтказиладиган кунда айрим бир сабабларга кўра рестораннинг келишилган жойи бошқа хона билан алмаштирилгани хусусида истеъмолчига икки-уч соат олдин маълумот берилган. Бундай кичкина жойга таклиф этилган меҳмонларнинг сиғмаслиги маълум бўлгач, С.Алманова бу хизматдан бош тортишга мажбур бўлади ва анча сарсонгарчиликдан сўнг меҳмонларини бошқа умумий овқатланиш шохобчасига олиб боришга мажбур бўлади. Шунча оворагарчиликлар етмаганидек, “Le marokka” ресторани  кўрсатилмаган хизмат учун тўланган пул суммасини турли хил баҳоналар билан ўз вақтида тўлиқ қайтариб бермагани ортиқча бўлди.

Ушбу мурожаат туман жамияти ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам истеъмолчи  томонидан олдиндан тўлов амалга оширганлиги, аммо  ресторан томонидан хизмат кўрсатилмаганлиги маълум бўлди. Қонунчилик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, натижада кўрсатилмаган хизмат учун тўланган сумма “Алнос” МЧЖ томонидан истеъмолчига тўлиқ қайтарилишига эришилди.