ТУШУНТИРИШЛАР КОР ҚИЛДИ

Олдиндан айтиб қўяйлик. Сиз ушбу мақолани ўқиб чиқмасдан туриб ёки ўқиб чиққач, “Ҳа энди, шунга шунчаликми? Биттагина телефон батарейкасини пулини қайтариб олиб берилганлигини ҳам ёзиш керакмиди?”, дейишингиз ҳам мумкиндир. Лекин ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхшигина англаб олган айрим шахсларнинг ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслиги, айниқса савдо соҳасида фаолият юритаётган айрим фуқароларимизнинг муомала маданиятини яхши билмаслиги, сал нарсага “Қаерга борсанг, боравер, кимга шикоят қилсанг, қилавер”, қабилидаги қилинаётган муомалалари ва ҳоказо, ва ҳоказо ҳолатлар пешона тери эвазига тийинлаб йиққан пул маблағини йўқотиб ёки сифатсиз маҳсулотга сарфлаб, қонуний ҳуқуқини талаб қилганда эса рад жавобини олаётган фуқароларимизни адолат истаб энг юқори идораларга мурожаат қилишларига сабаб бўлмоқда. Олтиариқ тумани Қўрғонча маҳалласида истиқомат қилувчи З.Нуролимовни ҳам шундай фуқароларимиздан бири, десак муболаға бўлмас.
У туман марказидаги савдо дўконларидан биридан ўзининг Самсунг маркали қўл телефони учун аккумулятор сотиб олгач, ундан 4-5 кун давомида фойдаланган. Лекин аккумуляторнинг қуввати талаб даражасида хизмат кўрсатмаган. Натижада у олтинчи куни сотувчининг ҳузурига келиб, ўз эътирозларини билдирган. Мижозлар билан андармон бўлиб турган сотувчи, истеъмолчининг шикоятини эшитгану, унга жўяли жавобни ҳам раво кўрмай, янги мижозлардан ортмаган. Хуллас, сотувчи янги харидорлардан ортиб мундоқ қараса З.Нуралиев дўкондан чиқиб кетиб бўлган экан. Шундай қилиб, Бош прокуратура ишонч телефонига яна битта мурожаат тайёр бўлиб турибди-да.
Мурожатни ўрганиб чиққан Олтиариқ туман жамияти ходимлари сотувчи билан учрашиб, унга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддалари талаблари юзасидан тушунтиришлар бердилар. Сотувчи томонидан тушунтиришлардан ўрнида чиқарилган тўғри хулоса, истеъмолчи ҳуқуқини тикланиб, унинг томонидан сотиб олинган нуқсонли товар пулини қайтариб берилиши билан якун топди.