“1091” СИЗНИ ЭШИТАДИ ВА МУАММОИНГИЗНИ ҲАЛ ҚИЛАДИ

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Бешариқ туман жамияти ижро аппарати томонидан Бешкапа қишлоғида яшовчи фуқаро Акмалжон Шерматов Федерациянинг “1091” қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Истеъмолчи ўз мурожаатида туман газ идораси томонидан аҳолига, жумладан ўзи яшаб келаётган ҳудуддаги хонадонларга суюлтирилган газ етказиб беришдаги узилишлардан норозилигини билдириб, истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраган.

Мурожаат газ таъминоти ҳудудий филиалининг Бешариқ туман участкаси аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўлими масъул ходимлари билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида, ҳозирги кунда ташкилий-техник сабабларга кўра, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш 60-70 кунда амалга оширилаётгани натижасида газ баллонларини аҳолига етказиб бериш муддатлари узайтирилганлиги, бу ҳолатнинг ўз-ўзидан аҳолига ноқулайликлар туғдираётгани қайд қилинди.

Масъулларга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича тасдиқланган жадвалга қатъий риоя этиш, аҳоли – суюлтирилган газ истеъмолчилари мурожаатларига эътиборли бўлиш, шартнома шартларига риоя этиш каби ҳолатлар ҳам таъминотчи ҳам истеъмолчилар муносабатларини фақат яхшилашгагина хизмат килиши тушунтирилди. Ўрганиш давомида А.Шерматов яшаш ҳудуди тўлик суюлтирилган газ билан таъминланди. Мурожаати ижобий ҳал этилганлигидан миннатдор бўлган мурожаат муаллифи ходимларга ўз ташаккурини билдирди.