“АССАЛОМ, ЎЗБЕКИСТОН!”ДА ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ

Истеъмолчи товарларни харид қилишда нималарга эътибор қаратиши керак? Мабодо товар сифатсиз бўлса-чи? Улар инсон ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирса-чи? Бу борада ҳуқуқлари бузилса манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб кимга ва қандай мурожаат қилиши керак?

Мазкур маърифий дастурнинг навбатдаги сони Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг фаолиятига бағишланди. Кўрсатув давомида Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни истеъмолчиларни ҳимоя қилишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Унда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва уларни амалга ошириш кафолатлари мустаҳкамланган, фуқаролар ҳаёти, саломатлиги ёки мулкига зиён етказилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш кафолатлари белгилаб берилгани ҳақида федерация ходими томонидан маълумот бериб ўтилди.

Шунингдек, мамлакатимиз фуқаролари мазкур Қонунга биноан товар (иш, хизмат), ишлаб чиқарувчи (сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳамда унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқларига эга эканликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.