ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ФЕДЕРАЦИЯСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БРИТАНИЯГА САФАР ҚИЛМОҚДА

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов 8 июль куни Лондон шаҳрида Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) бош директори маслаҳатчиси Елена Волф хоним билан учрашди.

Учрашув чоғида ушбу халқаро ташкилот билан федерациянинг ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ж. Саримсоқов Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштиришда халқаро истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, улар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканини айтди.

Е.Волф Халқаро истеъмолчилар ташкилоти айни дамда минтақаларда лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратаётганини қайд этди. Унинг фикрича, ташкилот Марказий Осиё минтақасида истеъмолчилар учун долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўша ердаги истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Федерация делегацияси жорий ҳафтада Халқаро истеъмолчилар ташкилоти раҳбарияти билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади, шунингдек, Британия стандартлар институти истеъмолчилар ташкилотларининг стандартлаштириш масалалари бўйича экспертлари учун ўтказаётган конференциясида иштирок этади.